Ислом динида бир жамиятда яшовчи бошқа дин вакиллари учун шахсий эркинлик, ҳурфикрлилик, ақида мустақиллиги, жон, мол, обрў ва бошқаларнинг дахлсизлиги тўлиқ кафолатланади. Жамият аъзолари юклатилган мажбуриятларга масъул ҳам бўлади. Масалан, Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб берганлар ва ўзлари ҳам унга амал қилганлар Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилиш, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмаслик ҳамда уларга жабр қилмасликни, уларни мусулмонлар билан тенг кўришни ва барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни зарур деб билади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлганлар ва уларга гўзал муомала қилганлар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олганлар ва бошка дин вакиллари томонидан қабул қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум. Ислом манбаларида диний эътиқодларнинг турли-туманлигига асосланиб кишиларни бир-бирига душман қилиб кўрсатиш, камситиш ёки ҳақорат қилиш катта гуноҳ эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувлар, миллат ажратишнинг ҳар хил кўринишлари қораланган. Ҳар хил миллат вакилларига, гарчи динлари ва диний эътиқодлари ўзаро фарқ қилса-да, бир-бирларининг тили, тарихи, маданияти, миллий урф-одатлари ва қадриятларини билиш ва ҳурматлашга, ўзаро тотув бўлиб яшашга даъват этилган.
Бошқа динларга мансуб бўлган кишиларга тазйиқ ўтказиш, қоралаш катта гуноҳ экани Пайғамбаримиз (с.а.в) хадисларида ўз аксини топган, жумладан:
«Кимки мусулмон мамлакатида яшовчи бошқа динга мансуб кишини ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан саваланади»,
«Кимки сулҳ битими билан яшаётган ғайридинни ўлдирса, у жаннатнинг бўйини ҳам ҳидламайди».
Умуминсоний, дунёвий қадрият бўлган ислом таълимотида бошқа динларга, мазҳабларга мансуб кишиларнигина эмас, ҳатто золимларни, бузуқларни ҳам сабр-тоқат билан тарбиялаб, тўғри йўлга солиш энг савобли, энг эзгу иш деб уқтирилган. Ҳадиси шарифдаги «Ўзингга раво кўрганни бошқаларга ҳам раво кўр” каби ҳикматлар умумбашарий ахлоқий қадрият сифатида жаҳондаги жамики халқлар, элатлар ҳамда миллатларга тааллуқлидир.
Х.Мунисов
Боғот тумани “Саид Мансур эшон бобо” масжиди имом-хатиби