ИСЛОМ ТИНЧЛИК ДИНИ

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожиаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто, уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки, экинзор ва дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса, ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто, ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврида бўлган урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани у зотнинг жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: «Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!», – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, у зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.

Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби вахшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти каримада «(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!» (Иброҳим, 42).

Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки оқимлар ғояларига мутаассибона ёндашиш оқибатида, минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки, инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишини билдирсаларда, қандай қилиб шариат қоралаган амалларни бажармоқда? Ваҳолангки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳатто, уруш ҳолати бўлган пайтда ҳам душман томонни огоҳлантирмай, тўсатдан уруш ёки босқинчилик қилмаган, фақатгина уруш майдонига қўлига қурол олиб кирган кимсалар билангина жанг қилган эдилар-ку?!

Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, дунёвий давлатда яшаб, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бир жангда имон калимасини айтган одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти, деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз (с.а.в.) жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эканлар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ бўлиб, исломда кишиларни айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».

Тинчлик – бу, Аллоҳнинг инсониятга берган энг улуғ неъматидир. Мустақиллик йилларида тинчлик ва осойишталик юртимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Барча динларда бўлгани каби Ислом динимизда ҳам тинчлик масаласи алоҳида ўрин эгаллайди. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Марҳум Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кўпгина асарларида ислом динига бугунги кун талаблари юзасидан ёндошишга, асрлар давомида халқимиз маънавий маданиятига муҳим ҳисса қўшиб келаётган, кишиларимиз онгида  ўзининг ўчмас муҳрини босган динимизга ҳурмат билан қараш ва уни ҳар қандай радикал экстремистик оқимлардан ҳимоя қилишга даъват қилинган.

Истиқлол туфайли халқимиз ўзининг ўтмишини ўрганишга, муқаддас ислом дини қадриятларини билишга эришди. Ислом дини инсонни хушёрликка, яратувчилик меҳнати билан яхши из қолдиришга даъват этади. Меҳр-шафқатга, одоб-аҳлоққа, сабот-матонатга, қийинчиликларга чидашга, шукроналикка, миллатлар ўртасидаги дўстликка чақиради.

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Матёқуб Ёқубов

Хонқа туман “Сайид ота” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *