Исломда ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланган

Яратганнинг чексиз инояти ва бемисл марҳамати билан ҳаётимиз кундан-кунга гўзал ва фаровон бўлиб келмоқда. Деярли ҳар куни қандайдир янги имконият ёки қулайликка эга бўламиз. Ҳар куни  бизнинг бахт ва саодатимиз учун янги эшиклар очилади. Яратганнинг раҳмати ва  марҳамати ҳар тонг ер юзига ризқу насиба улашади.  Минг афсуски орамизда ана шу раҳмат ва иноятни кўра олмаётган,  арзимас камчилик ёки етишмовчиликка ҳаддан ташқари эътибор қаратиб, ўз қўлида бўлган беҳисоб неъматларга ношукурлик қилаётган инсонлар, айниқса, ёш йигит ва қизлар сони анча кўпайиб қолгандай. Буни кейинги йилларда турли баҳоналарни рўкач қилиб ўз жонларига қасд қилаётганлар мисолида яққол кўришимиз мумкин. Айрим содда ва дунёқараши саёз ёшларимиз  турли бузғунчи оқимлар таъсири остида жиҳод, шаҳидлик каби пуч даъволар билан ўз жонларига қасд қилаётган бўлсалар, баъзи ёш йигит-қизларимиз ҳаётнинг арзимас қийинчиликларини ечиб бўлмас муаммо дея тушуниб ўз жонларига қасд қилмоқдалар.

Муқаддас динимиз асосларига кўра сабабидан қатъи назар инсоннинг ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳ саналади. Ҳар-бир гуноҳ ишнинг эса албатта жазоси муқаррардир. Айниқса ҳаёт аталмиш бебаҳо неъматни инкор  ва исроф қилишнинг оқибати аламли ва азобли  бўлиши динимиз манбаларида таъкидлаб тушунтирилган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ Таъоло марҳамат қилади: « Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, унга берган умримга шукур қилмай  шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим ».  ( Имом Бухорий ривояти).  Маълумки жаннат абадий роҳат ва фароғат манзили ҳисобланади.   Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра ўз жонига қасд қилган киши жаннатга кириш бахтидан абадий маҳрум бўлиб, чексиз азоб ва уқубатга гирифтор бўлади.

Бақара сурасининг 195-оятида ҳам  Аллоҳ Таъоло бандаларни бу каби ишлардан қайтаради: « … ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз ».

      Ушбу ояти карима мазмунига эътибор бериб қарасак, нафақат инсон ўз жонига қасд қилишдан, балки, ўзига зарар етказиши мумкин бўлган барча иллатлардан қайтарилмоқда.

      Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг  « Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақидаги фатво»  сида эса ўз жонига қасд қилган кишининг жанозасини ўқимаслик тўғрисида бир неча далил ва ҳужжатлар келтирилган. Имом-хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортиш талаб этилган. Бундан ташқари, уларнинг ўлимларига боғлиқ маърака ва маросимларига бормасликлари, бундай йўл билан вафот этганларнинг ҳақларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилмасликлари шариат нуқтаи назаридан мумкин экани тушунтирилган.    

Инсон  ҳаёти давомида турли қийинчиликларга дуч келади. Ҳеч ким меҳнат, машаққат, ташвиш ва мусибатлардан холи яратилмаган. Ота-она ва бошқа яқинлардан жудо бўлиш, турли хасталикларга чалиниш, молу дунёга талофат етиши инсон учун яратганнинг имтиҳонидир. Чинакам мўмин киши бундай имтиҳонлардан сабр ва матонат билан ўтиши лозим. Зеро сабр инсонни яхшиликка етаклайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қиладилар: « Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, хасталикми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган, албатта, Аллоҳ  буларни банданинг хатоларига каффорат қилур» ( Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики сабр ва матонат учун инсонга яратганнинг ўзи ажр ва савоб ато қилади. Мўмин киши ҳамиша яратганнинг раҳмати ва иноятидан умид қилиб, эртанги кундан яхшилик ва барокотларни кутиб яшаши лозим. Зеро яхши нийят барча эзгуликларнинг ибтидосидир.

О. Ғойипов

Боғот тумани «Мирҳошим бобо» масжиди

имом-хатиби:

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *