УСТОЗ- ШАРАФЛИ ЗОТ

Устозларни қадрлаш  ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Ҳақиқатдан ҳам “устоз отангдек улуғ” деб аждодларимиз бежизга айтишмаган. Чунки ота фарзандини дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган эканлар.

Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта бунинг учун энг авволо устоз зарур. Илм ва талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Ҳар бир шахс у ким бўлишидан қатъий назар ҳаётида эришган барча ютуқлари учун кимлардан миннатдор бўлиши лозим, дейилса ҳеч шубҳасиз иккиланмасдан ота-онаси ва устозидан деган жавоб берилади.

Илмга камтарлик билан эришилади. Устозни улуғлаш, хизматини қилиш улуғ шарафдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Илмни ўрганинг. Илм билан бирга хотиржамлик ва виқорни ҳам ўрганинглар. Уни ўргатаётган кишингизга нисбатан тавозели бўлинглар”.

Асрлар оша номлари улуғланиб, эл-юртнинг олқишига сазовор бўлган буюк зотларнинг юксак матабаларга эришишларида меҳрибон устозларнинг хизматлари беқиёс. Устоз шогирдининг оёққа туришига тиргак бўлган, муваффақиятларидан чексиз қувонган инсондир. Толиби илмнинг раҳмат устоз дея самимий айтган биргина сўзидан унинг қалби севинчларга тўлади.

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илм ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларни юбориб турди. Жумладан, охир замон пайғамбари Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай шарафли вазифа билан юборди. Бу ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  ўзлари марҳамат қилиб айганлар: “Албатта мен муаллим қилиб  юоборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли кавагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга таълим берувчи устозларга саловат айтадилар” деганлар.

    Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозм. Зеро келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

Ҳ. Қиличов

Питнак шаҳар “Ахтам Сооҳоба” масжиди

Имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *