Жахолатга қарши маърифат

Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жахолатга қарши маърифат билан курашиш деганда, аввало, нимани тушунамиз? Инсоннинг қалби ва онги учун кураш бизнинг давримизда тобора авж олиб бораётгани, ҳозирги дунёнинг мафкуравий манзараси ҳам шу билан белгиланишини тушунамиз. Одамзот қўлидаги мавжуд барча замонавий мафкура воситалари шу мақсадга қаратилмоқда.
Албатта, жаҳондаги ҳар бир мафкура ёки ғоявий оқим инсоннинг қалби ва онгини ўз мақсадларига бўйсундирмоқчи бўлади. Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жахолатга қарши маърифат билан курашиш эса бундай мураккаб жараённинг асл сабабларини тушуниб, уларга қарши ақл ва билим билан курашишни талаб этади. Бунинг учун эса тафаккуримиз, интелектуал салохиятимиз юксак бўлиши, замонавий илму-ҳунарлар, миллий ва умумбашарий қадриятларни пухта эгаллашимиз, энг муҳими, қалбимиз ва онгимиз фақат ўзимизга тегишли бўлмоғи лозим.
Ҳозирги вақтда инсоннинг қалби ва онгини бузиш, чалғитишга қаратилган зарарли таъсирлар бир қанча ғаразли мақсадларда амалга оширилиши мумкин. Шулардан энг хатарлиси халқ ёки миллат яшаётган мамлакат ҳудудини, у ердаги моддий ва маънавий бойликларни эгаллаб олиш ниятида қилинадиган мафкуравий-ғоявий ҳужумлардир. Бундай ҳужумлар оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет, телерадио тармоқлари, экстремистик руҳдаги китоб ва рисолалар орқали тарқатилиши мумкин. Қандай шаклда бўлмасин, улар биринчи навбатда нишонга олинган юрт фарзандларини миллий ғурур туйғусидан, Ватанга мухаббат ҳиссидан жудо қилиб, уларни маънавий жихатдан қарам этишга, халқнинг ичида низо қўзғаб, норозилик уйғотиб, кейин бемалол бу замин бойликларини талашга уринади. Агар жахондаги ўзаро келишмовчилик ва можаролар домида қолиб кетган айрим мамлакатлардаги ачинарли аҳволни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, четдан мафкуравий тазйиқ ўтказишлар қандай нохуш оқибатларга олиб келишини янада яққол тасаввур этишимиз мумкин.
Маълумки, террорчилик, экстремизм ва ақидапарастлик, сохта оммавий маданият бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Улар қадим замонлардан бошлаб инсоният бошида қора калхатдек айланиб юради. Аммо ҳозирги ахборот-коммуникация воситаларининг беқиёс даражада ривожланиши бу иллатларнинг тез тарқалиши учун имконият туғдирмоқда. Шунинг учун улар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кўзга ташланмоқда. Уйида телевизор, интернет тармоғига уланган компьютер, мобил телефони бор одам бундай хатарларнинг таъсирини ҳар куни, ҳар қадамда ҳис қилиб яшайди. Шу боис фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жахолатга қарши маърифат билан курашишга доимо тайёр туриш, сезгир ва ҳушёр бўлиб яшаш ўткир заруратга айланмоқда.
Диний экстремизм деганда, динни ниқоб қилиб, зўравонлик асосида конституциявий тузумга тажовуз қиладиган, уни ўзгартиришга уринадиган жиноий хатти-ҳаракатлар тушунилади.
Диний экстремизм доимо террорчилик ва ақидапарастлик билан ёнма-ён юради. Дунёнинг айрим минтақаларида бир неча йиллар давомида хукмронлик қилган диний ақидапарастлик, халқаро террорчилик ва диний экстремизмнинг илдиз отишига шарт-шароит яратиб бергани бунга яққол мисол бўла олади. Бунинг оқибатида қанча бегунох одамлар қурбон бўлгани, уларнинг инсоний хуқуқларини топталгани, саноқсиз оилалар бошпанасиз қолгани жаҳон жамоатчилигининг бу иллатларга қарши биргаликда кураш олиб бориш заруриятини янада кучайтирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасида иккита кучнинг ўзаро кураши аниқ кўзга ташланмоқда. Буларнинг биринчиси тараққиёт сари интилаётган халқларнинг илғор ва бунёдкор мафкураси, иккинчиси эса ана шу тараққиёт натижаларидан фойдаланиб уларнинг йўлига ғов бўлишга уринаётган зарарли ва вайронкор мафкуралардир. Лекин, бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси қанчалик мураккаб бўлмасин, унда бунёдкор ғояларнинг, асрлар давомида инсониятга хос бўлиб келган соғлом ақл-идрокнинг устунлиги яққол кўриниб турибди. Бу эса эзгулик охир-оқибатда албатта ғалаба қозонади, деган кўҳна ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

Х.Худойназаров
Шайх Жалолиддин Румий масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *