ТИНЧЛИКНИ АСРАШ ДАВР ТАЛАБИ

Инсон зоти ҳамиша улуғланадиган шундай гўзал заминда истиқомат қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтириб, шу ватан учун астойдил хизмат қилмоғимиз, унинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга камарбаста бўлишимиз сизу бизнинг инсонийлик бурчимиздир. Юртни ҳар томонлама асраб-авайлаш, обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади. Ватанга муҳаббат, бу – баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.

Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимизнинг осойишталигини, тинчлигини ва сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга ҳарбий малака, тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз ҳарбий  бурчига содиқ аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, улар ҳаққига самимий дуолар қиладилар. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.

Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни  ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу  ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”дедилар”. (Имом Табароний)

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олимми ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртнинг бир қарич тупроғини кўз қорачиғидай асрабавайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, орномусини, имонэътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етади ва улкан ажрлар соҳиби бўлади.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она  Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ҳар қандай кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади.

Болтаев Шермуҳаммад

Хазорасп тумани шайх Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *