ТИНЧЛИК БЕБАҲО НЕЪМАТ

Дунё оламида мавжуд бўлган ҳар бир тирик мавжудот фаравонлиги учун керак бўлган энг асосий омиллардан бири бу тинчликдир. Чунки тинчлик туфайли фақатгина инсонлар эмас, балки табиатдаги барча тирик мавжудотларнинг барҳаётлиги таъминланиб боради. Бугунги тез суратларда ривожланаётган дунё оламида баъзи инсонлар иложи борича кўпроқ молу-дунё тўплашга, ўзининг тўймас нафсини қондиришга ҳаракат қилаётган эканлар, бу мақсадлари йўлида ҳар қандай усул ва воситалардан, жирканч қабоҳатлардан, табиат ва жамиятларга, ҳаттоки инсонларга қирғинбарот урушларни келтиришдан ҳам қайтишмаяпти.
Ислом динимизнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръон каримда тинчлик ва ҳотиржамликка катта эътибор қаратилиб, бу маънодаги кўплаб оятлар келган. Динимизнинг энг олий ва асосий мақсадларидан бири ҳам тинчлик ва омонликдир. Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик ва ҳотиржамлик тўғрисида марҳамат қилади.
Инсон ўзининг табиатидан келиб чиқиб, ўзига берилган неъматларни доимий узлуксиз деб ўйлаб, унинг шукрини адо қилиш ўрнига неъмат берувчининг белгилаб берган чегараларини инсофсизларча бузиши, унинг қадрига етмаслиги сабабидан мазкур неъматлар ундан олиниб, унга бу неъматлар қаердан ва ким томонидан эканлигини яна бир бор эслатиб қўйиш учун неъматларнинг зидди, яъни балолар берилади.
Тинчлик ва ҳотиржамлик ҳам Аллоҳ таолонинг инсонларга берган буюк неъматларидан бўлиб, бунинг қадрига етмаган инсон зотининг айби сабабида дунё тарихида 15 мингга яқин катта ва кичик қирғинбаротларда 4 миллиардга яқин киши қурбон бўлган. Бугунги кунда ҳам дунё миқёсида ҳамон нотинчлик кузатилмоқда. Сиёсий курашлардан тортиб, терроризм, экстремизм, наркобизнес, қурол-яроғ савдоси каби иллатлар дунё тинчлиги ва барқарорлигига, халқларнинг тинч-тотув яшашига таҳдид қилмоқда. Қўшни Афғонистон, Яқин Шарқ, араб мамлакатлари ва ер юзининг бошқа нуқталаридаги тўқнашувлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар тарқатилмоқда. Айниқса, қўшнимиз бўлган Афғонистон худудидаги 30 йилдан бери ҳукм сураётган нотинчликлар бизни доим сергак бўлишликка, дунёда бўлаётган воқеа ва ходисалардан керакли хулосаларни чиқаришга, нотинчлик келтирувчи омиллардан огоҳ бўлишга чорлайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бу натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўла қонли тарзда бажармоғи лозим.
Жаннатмакон юртимиз мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва ҳотиржамлик ётади. Бу тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса, шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки, менинг бурч, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим.
Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаравонлик тилашмайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва ҳотиржамликни қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин, омин!

Мунисов Ҳусниддин
Боғот тумани Саид Мансур эшон бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *