ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ” АСАРИ ЖАМИЯТДА ИСЛОМ МАЪРИФАТИНИ АНГЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдур.

Ш.М.Мирзиёев

Инсоннинг инсонлиги, ўзлиги ва борлигини намоён этувчи ҳодисалар ичида маърифат алоҳида ва ўзига хос ўрин эгаллайди. У барча даврларда инсон онгу тафаккури, хулқу фаолиятининг асоси сифатида қалбини нурга тўлдириб, хаёт йўлини ойдинлаштиришга, кучига-куч қўшиб, турмуш машаққатларини енгиб ўтишга хизмат қилган. Шунинг учун ҳам ажододларимиз маърифат масаласига доимо катта эътибор билан қарашган. Мустақиллик шарофати туфайли халқимизнинг ана шундай бой маданий-маърифий меросини илмий асосда ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш имконияти яратилди. Ватанимиз тарихи, аждодларимизнинг бой диний-маърифий меросини тиклаш, илм-фан ва жаҳон маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, тадқиқот натижаларини жамлаш ва умумлаштириш асосида кенг жамоатчиликка етказиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй, инсоф ва диёнати баркамол, чуқур ақл-идрок ва тафаккур салоҳиятига эга, ақл, қувваи ҳофиза ва вазминлик борасида буюк замондошларигада намуна дея эътироф этилган, алломанинг асарлари ўз она тили — ўзбек тилида ўрганилмоқда.

Ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. Шу маънода буюк аждодларимиз тафаккур дурдоналарини ўзида мужассам этган, уларнинг беқиёс илму идрокининг меваси бўлган китоблар бунёдкорлик ва яратувчилик, хулқий гўзаллик ва ақлий баркамоллик манбаи бўлиб хизмат қилади. Уларни ўқиш билан маърифат ҳосилу мукаммал бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, буюк аждодимиз Имом Термизийнинг “Сунан”и ислом маърифатининг моҳиятини теранроқ англашга, аввал номаълум бўлган янги қирраларини кашф этишга, хулқу одобимиз ва маънавиятимиз юксалишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Айни пайтда, шуҳрати асрлардан асрларга ўтиб, энг мўътабар манбалар қаторидан ўрин олиб келаётган мазкур китоб бугунги кунда дин соҳасида мавжуд бўлган кўплаб муаммо-масалаларнинг туб мазмунини, ислом динининг бунёдкорлик моҳиятини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

Чинакам маърифатли одамгина эзгуликни ғараздан, аслиятни унинг бузғунчи талқинларидан, ҳодисани унинг моҳиятидан фарқлай олади. Зеро, билим саодатнинг калитидир. Шу маънода ушбу маърифат зиёси исломни ниқоб қилиб олган холда пайдо бўлган турли сохта қарашлар, мутаассиблик кўринишлари, такаббурлик ва нодонликнинг олдини олиш баробарида сергак ва ҳушёр бўлишга, теварак оламга зийрак кўз ва ўткир зеҳн билан қарашга ундаши ҳам шубҳасиз. Мустақиллик йилларида республикамизда маданий мерос, ўтмиш алломалар ижодини ўрганиш, миллий қадриятларни тиклашга катта эътибор берилмоқда. Халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий, тарихий, маданий ва илмий ҳаётини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун қулай имкониятлар яратилди.

Мазкур йўналишда Мовароуннаҳрда IX асрда яшаб, ижод этган ҳадис илми соҳиби, етук муҳаддис, аллома Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий (824-892)нинг ҳаёти, ижоди ва унинг ҳадис илмида тутган ўрнини очиб бериш бугунги кунда исломшуносларимиз олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Чунончи, бу каби тадқиқотлар маданий меросимизии янада чуқурроқ ўзлаштиришда, миллий мафкурамизни шакллантиришда, халқимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан “Сунани Термизий” асарини ўрганиш, асарда келтирилган ҳадисларни илмий таҳлил қилиш, ёшларда миллий мафкура, миллий онгини шакллантиришда, уларнинг ахлоқий тарбиясида ҳадисларнинг аҳамиятини очиб бериш масаласи ушбу мавзунинг долзарблигини янада оширади. “Сунани Термизий” ўзининг тузилиши, мавзуларнинг изчил тарғибда жойлаштирилиши, ҳадисларнинг муайян мавзуларга оид бобларда тўғри, аниқ ва батафсил акс эттирилишини мазкур услубда яратилган бошқа асарлардан ажралиб турадиган жиҳатларини ўрганиш ҳам давримизнинг муҳим масалаларидан саналади.

Вайисов Тожибой

Тошкент ислом институти Модуль

таълим шакли 3 босқич талабаси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.