ТЕЖАМКОРЛИК ҲАМ ИБОДАТДИР

Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, — деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”.

Исрофгарчилик – мол-дунёни беҳуда сарфлашнинг бир кўриниши ҳисобланади. Имом Журжоний исрофни сифатлаб бундай дейди: “Исроф – бу нафақа қилишда чегарадан чиқишдир”.

Суфёни Саврий бу ҳақда бундай деган: “Аллоҳ тоатидан бошқа нарса йўлида қилинган озгина нафақа исрофдир”.

Ушбу ҳикматга кўра тежамкорлик ибодат даражасига кўтарилган. Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб, бундай дейди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, — дейилади.

Тежамкорлик тўғрисида эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида бундай марҳамат қилинади: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”.

Демак, юқорида зикр этилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно-мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, ҳар-биримиз меъёрдан ташқари харажат қилишдан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан сақланишимиз лозим бўлади. Чунки, исроф фақат марака-маросимларни тежамсиз ўтказишгина эмас, балки вақтни, умрни бепарво, бесамар ўтказиш ҳам катта исрофдир. Фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш, куч-қувват ва салоҳиятни юрт манфаати йўлида ишлатмаслик, соғлик қадрига етмаслик кабилар ҳам исрофдир.

Жуманиёзов Илҳом

Урганч тумани Қарри бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *