Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Қабр ўз навбатида дафн этилган инсон учун қиёмат куни қайта тирилгунигача ё жаннат боғларидан бир боғча, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши мумкинлиги муборак ҳадисларда айтиб ўтилган. Қабрнинг бу икки ҳолатдан бири бўлиши эса инсоннинг ҳаётлик вақтида қилган ишлари ва бажарган амалларининг яхши ёки ёмонлигига қараб бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон тириклик вақтида ўзи борадиган қабрини жаннат боғчаларидан бирига айланишига сабаб бўладиган амалларни қилиб яшамоғи лозим бўлади.
Динимизда қабристонни зиёрат қилишга тарғиб қилинган. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:
яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят)
Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар: Яъни, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”.
Ўтиб кетганларни хотирлаб, ҳаёт боқий эмаслигини, бажараётган амалларидан тўғри хулоса чиқаришни англайди.
Шу ўринда мозорларни обод қилиш ҳам муҳим ишлардан бири эканлигини унутмаслигимиз зарур. Агар биз аждодларимиз руҳларини шод айлаб, уларни кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан ибрат олади.
Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:
яъни: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади”
Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.
Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал, дабдаба билан, ясан-тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрнидир
Зиёратчи қабр тепасига келганда унга юзланиб, қиблага орқа ўгирган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади.
Ҳадисларда Ихлос сурасини 11 марта ўқиш ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, Фотиҳа, Оятул Курсий ва Бақара сурасини аввали ва охиридан ўқиса ҳам бўлади.
Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, вафот этган уларнинг яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган:“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоят қилган)
Зиёрат асносида қабрларни устини босмасдан, белгиланган йўлакларда юриши лозим, чунки қабрни устини босиб юриш гуноҳ ҳисобланиб, ҳадисда қайтарилгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим ёҳуд ковушимни кийиб турган ҳолатимда ямашим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юрганимдан яхшироқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Қабристонларга мевали, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш жоиз эмас. Зеро бу пулни беҳуда исроф қилиш саналади. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликлар инсонлар дам олиб хордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва ҳиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш жоиз эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди.
Шу билан бирга қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати ва ҳар хил битикларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади.
Қабр зиёратининг баъзи одоблари қуйидагилардан иборат:
Қабристонга салом бериб кириш;
Қабристонда вазминлик ва сокинлик билан юриш;
Қабрларни босмаслик, уларнинг устига ўтирмаслик;
Марҳумларнинг яхши сифатларини эсга олиш;
Ўзини сарҳисоб қилиш, ўлимга қанчалар тайёр эканини ўйлаш;
Зиёратдан қайтишда оҳисталик, охиратни тафаккури билан қайтиш.
Қабристонда қуйидаги ишларни қилиш динимизга зиддир:
Қабрга чироқ, шам ва олов ёқиш;
Қабр тоши ва темирларини ўпиш;
Латта боғлаш;
Қабрни айланиб тавоф қилиш;
Қабрга атаб жонлиқ сўйиш;
Қабр ёнида суратга тушиш;
Баланд овозда гаплашиш;
Қабр бошида таом қолдириб кетиш;
Овоз чиқариб, уввос солиб йиғлаш;
Қабристонда кулиш.
Аллоҳ таоло барчамизга ғанимат умримизнинг қадрига етиб, Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшамоқлик бахтини насиб этсин.
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби