Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармони диний-маърифий соҳага давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси дейишимиз мумкин. “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини эътиборга оладиган бўлсак, бугун бу соҳага алоҳида эътибор ва меҳрни ҳис қилиб турибмиз. Мазкур фармон мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга оид муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.4 та бўлим 17 та банддан иборат бўлган фармонда бугун диний-маърифий соҳада муаммо бўлиб турган айрим йўналишларни муҳтарам Президентимизнинг ўзлари алоҳида таҳлилларга асосланган ҳолда кўриб чиқиб, унинг ечимиларини берди. Энг аввало, бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар қанчалик муҳим эканлигини ушбу фармондан кўришимиз мумкин.
Фармонда белгиланган асосий мақсадлар, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳитини яратишдан иборат.Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда диний таълим муассасаларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик бугун кун тартибида турган долзарб масалалардан эканлигини кўриб турибмиз. Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бу жамиятдаги муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда, баҳамжиҳат, бамаслаҳат ҳал қилиш учун асос ва тамал тоши вазифасини бажаради.
Шунингдек, ушбу фармон билан диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишини шахсан ўзим юқори кайфият билан қабул қилдим. Сабаби, мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.Ушбу фармоннинг ижроси орқали мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсати янада такомиллашади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланади. Диний-маърифий йўналишдаги илмий тадқиқотларни, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, илм-фан йўналишига тадбиқ этиш шунингдек, интернет тармоғида турли холис ва нохолис фикрлар билдирилаётган манбааларнинг ўрнига ҳақиқий илмий, асосли хулосаларга эга бўлган контентлар билан тўлдириш талаб этилади. Албатта, ёшларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанни севиш, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича алоҳида вазифа ва топшириқлар берилган. Қолаверса, мазкур фармон билан академияга бир қатор ҳуқуқлар ҳам берилаяпти. Кўп йиллар давомида академияда йиғилиб қолган муаммолар, жумладан, хориждан профессор-ўқитувчиларни чақиришда номутаносибликлар бор эди. Академияга ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассисларга муносиб тўловларни амалга ошириш, талаб кўп бўлган йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тўлов-контрактлар суммасини бир неча баробарга оширган ҳолда талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш имконияти берилди. Ҳар бир миллат ўзининг маънавий бойлиги, тарихий мероси ва улуғ алломалари билан фахрланади. Бундай улкан шахсиятлардан бири тасаввуф илми ва ирфон йўлининг йирик намояндаларидан бири бўлмиш Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. У кишининг илмий мероси нафақат Ислом оламида, балки бутун инсоният маънавиятида алоҳида ўринга эгадир.
Фармон асосида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, очиғи бу, бизнинг бир неча йиллардан буён ушалмай турган орзуйимиз эди. Эсимда бор, ўтган йили Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим жаноби олийлари Тошкентга келганларида ҳам Бухорога қилган ташрифлари давомида “ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга бизда миллионлаб эргашувчи издошлар бор, агар бу ерларда яхши имкониятлар бўлса келиб илмий тадқиқотлар олиб борилса, асарлари ўрганилса, нақшбандийлик таълимотини ёшларга тўғри талқин қила оладиган мутахассислар доирасидаги давра суҳбати ва конференциялар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди”, деган таклифларни билдирган эди. Шу билан бирга Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини ўрганиш орқали академик тадқиқотлар йўналишлари ҳам кенгаймоқда. Зеро, ул зотнинг асарлари нафақат ирфонга оид, балки ижтимоий, ахлоқий ва маданий соҳаларда ҳам мустаҳкам асосга эга. Ушбу мерос халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган бўлиб, унинг тадқиқи турли тилларга таржима қилинаётгани ва дунё илмий жамоатчилиги орасида қизиқиш уйғотаётгани бунинг исботидир. Бу мерос ҳар бир инсонни камтарлик, поклик, адолат ва эзгуликка чорлайдиган мустаҳкам йўлдир.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали” яратилади. Ушбу ташаббус мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичидан далолат беради. Мазкур порталнинг жорий этилиши зиёрат қилувчилар учун бир қанча қулайликларни яратади. Аввало, электрон тартибда мурожаат ва рўйхатдан ўтиш имкони туғилади. Бу орқали фуқаролар Ҳаж ёки Умра зиёратига бориш учун навбатга туриш, ҳужжатларни тўплаш ва топшириш каби жараёнларни онлайн шаклда амалга оширишлари мумкин бўлади. Бу эса уларнинг вақтини ва саъй-ҳаракатларини тежашга хизмат қилади. Иккинчидан, шаффофлик таъминланади. Порталда навбатлар, тўловлар ва бошқа барча жараёнлар очиқ тарзда намоён бўлади. Бу орқали коррупциянинг турли кўринишларининг олди олинади. Учинчидан, хизматлар марказлаштирилади. Сафар олдидан зарур бўлган тиббий кўриклар, маълумотномалар, суғурта ва бошқа хизматлар ҳам портал орқали мувофиқлаштирилади. Шу тариқа зиёратга тайёргарлик кўриш янада осонлашади. Тўртинчидан, ахборот хабардорлиги ошади. Зиёратчилар учун зарур бўлган барча маълумотлар – сафар жадвали, манзиллар тўғрисидаги маълумотлар, диний-маърифий йўриқномалар, зиёрат одоблари ва бошқа кўрсатмалар тўлиқ электрон тарзда тақдим этилади. Бешинчидан, тезкор алоқа ва мурожаат хизматлари йўлга қўйилади. Зиёрат давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш, фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш имконини берадиган электрон мурожаат ва алоқа тизими ҳам порталнинг муҳим қисми бўлади. Бу ташаббус мамлакатимизда диний соҳани рақамлаштириш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
М.Бекметов
Гурлан туман бош имом-хатиби