8 ДЕКАБР — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ

8 декабрь — Ўзбекистон тарихида муҳим ва ўчмас ўрин тутувчи қутлуғ сана. Бу кунда мамлакатимиз мустақиллиги ва давлатчилигининг ҳуқуқий пойдевори бўлмиш Бош қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган. Шу билан бирга, ушбу сана халқимиз азалдан ардоқлаб келган тинчлик, адолат, бағрикенглик ва инсонпарварлик каби юксак қадриятлар ранг-баранг тарзда намоён бўладиган байрамдир.

Юртимизда дин ва давлат муносабатлари мутаносиблиги, эътиқод эркинлигининг таъминланиши, халқнинг маънавий-ахлоқий ривожланиши Конституцияда ўзининг мустаҳкам аксини топган. Шундай экан, 8 декабрь нафақат ҳуқуқшунослар, балки диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва отинойилар, маърифат тарғиботчилари, кенг жамоатчилик учун ҳам улкан аҳамият касб этади.   Конституция — давлат мустақиллиги ва ҳуқуқий барқарорлик кафолати. Ҳар қандай тараққий этган жамиятнинг ютуқлари аввало унинг бош қонунида белгиланган ҳуқуқий тамойиллар мукаммаллигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг маънавий қадриятлари, демократик анъаналари ва умуминсоний тамойилларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир.

Конституциянинг қабул қилиниши: мустақил давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлади; фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлади; адолатли жамият барпо этишда долзарб қонунчилик базасини яратди; тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси бўлди. “Инсон — жамият — давлат” тамойили Конституциямизда алоҳида эътибор билан белгилаб қўйилган. Бу эса инсон манфаатлари ва шаънига ҳурматни давлат сиёсатининг марказига қўйганидан далолатдир.

Конституция ва дин эркинлиги: илоҳий қадриятлар билан уйғунлик Ислом таълимотига кўра, адолат, тинчлик, меҳр-шафқат ва инсоф жамият равнақининг асосий устунларидир. Қуръони Каримда: “Албатта, Аллоҳ адолатни, яхшилик қилишни ва яқинларга ҳақини беришни буюради” (Наҳл сураси, 90-оят) — деб амр этилган. Ўзбекистон Конституцияси ҳам айнан шу илоҳий меъёрларга уйғун равишда фуқароларга эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Бош қонунимизда: ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги; дин тутиш ёки тутмаслик ҳуқуқи; диндорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш; турли дин ва миллат вакилларининг тотувлиги; давлатнинг диний конфессияларга нисбатан нейтраллик тамойили қонун даражасида мустаҳкамланган. Шу сабабли юртимизда масжидлар, мадрасалар, диний ўқув марказлари, Қуръон таълим муассасалари фаолияти учун кенг имкониятлар яратилган. Бу эса миллатимиз маънавий қадриятларини асраган ҳолда, замонавий тараққиётга йўл очадиган илмий ва маърифий муҳитни шакллантирмоқда.

 Конституцияда белгиланган қадриятларнинг диний-маърифий аҳамияти. Конституцияда инсон шаъни, эркинлиги, оила муқаддаслиги, меҳнат, таълим ва мулк ҳуқуқи каби асосий қадриятлар белгилаб қўйилган. Бу қадриятларнинг ҳар бири диний таълимотларда ҳам муҳим ўрин тутади.

  1. Инсон қадри — энг олий неъмат.Исломда инсоннинг ҳаёти, шаъни ва қадри ўта муқаддас ҳисобланади. Қуръонда: “Биз Одам боласини икром қилдик” (Исро, 70). Конституциямизда ҳам инсон қадри энг юксак қиймат сифатида белгиланган.
  2. Оила муқаддаслиги. Оила — жамиятнинг асосий бўғини. Исломда оила масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Конституция ҳам оиланинг ҳуқуқий муҳофазасини кафолатлайди.
  3. Илм ва маърифат тарғиботи. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, — деганлар. Конституцияда эса ҳар бир фуқаронинг таълим олиш ҳуқуқи қонунан мустаҳкамланган. Бу эса диний-маърифий ва дунёвий илмнинг уйғун ривожланишида катта аҳамият касб этади.
  4. 4. Конституция ва миллатлараро тотувлик — юрт тинчлигининг асоси. Юртимизда ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек тотув яшаб келмоқда. Бу нафақат сиёсий йўналиш, балки диний-ахлоқий қадриятларимизга ҳам тўла ҳамоҳангдир. Исломда: “Энг карамлингиз — тақводорингиздир” (Ҳужурот сураси, 13) — деб байон қилинган. Конституциямиз ҳам миллатидан, тилидан ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди. Бу эса юрт тинчлиги, жамият барқарорлиги ва халқ тотувлигининг асосий омилларидан биридир.
  5. 5. Диний соҳа ходимлари олдидаги масъулият. Диний идоралар ва имом-хатиблар ва отинойилар Конуституцияда белгиланган маънавий ва ҳуқуқий тамойилларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади.

Имом-хатиблар ва отинойилар тинчлик, тотувлик ва инсонийлик ғояларини тарғиб этиш; экстремизм ва радикализмнинг ҳар қандай кўринишига қарши маърифий иш олиб бориш; ёш авлодни ватанпарварлик ва маънавият руҳида тарбиялаш; оила қадриятлари, ҳалоллик, инсоф, масъулият каби жиҳатларни ширин сўз билан тушунтириш каби улкан вазифалар юклатилган. Бу саъй-ҳаракатлар давлатимизда диний бағрикенглик ва маънавий баркамолликни таъминлашга хизмат қилади.

Конституция куни — бу тарихий ҳужжат қабул қилинган санани эслашдан ташқари, унинг мазмун-моҳиятини, маънавий ва ҳуқуқий аҳамиятини яна бир бор чуқур англаш кунидир. Бу кун бизга қуйидаги улуғ мақсадларни эслатади: тинчликни асраш; адолатга содиқ бўлиш; инсон қадрини улуғлаш; маънавий софлик ва илмга интилиш; миллатлар ва динлар тотувлигини сақлаш.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни омон, истиқлол ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

Конституция куни барчангизга муборак бўлсин!

 

Ф.Отажонова

ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг  хотин- қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *