Она бўлиш — буюк бахт, оналик меҳрини фарзандига бахш этиш эса улкан масъулиятдир. Она сути — ҳаётнинг илк неъмати, эмизиш эса она ва фарзанд ўртасидаги меҳр ришталарини мустаҳкамловчи муқаддас жараёндир. Инсон ҳаётида она меҳридан буюкроқ, она бағридан оромлироқ ва она дуосидан қудратлироқ неъмат кам топилади. Она — ҳаётга келган фарзанд учун биринчи тарбиячи, биринчи устоз ва энг яқин меҳрибондир. Унинг фарзанди учун қилган ҳар бир ҳаракати, тўккан меҳнати ва бедор ўтказган тунлари чексиз муҳаббатнинг ифодасидир. Аллоҳ таоло аёл зотига шундай улуғ неъматни ато этганки, она ўз фарзандини бағрига босиб, унга ҳаётнинг илк озуқаси — она сути билан ризқ беради. Бу жараён оддий табиий эҳтиёжгина эмас, балки инсон ҳаётидаги энг нозик ва масъулиятли даврлардан биридир. Ислом динида онанинг мартабаси ва фарзанд тарбиясидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш, уларни ҳурматлаш ва қадрлаш ҳақида кўплаб кўрсатмалар берилган. “Бақара” сурасининг 233-оятида оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишлари ҳақида баён қилинади. Бу оятда фарзанднинг ҳаққи, онанинг масъулияти ва ота-онанинг ўзаро маслаҳат билан иш тутиши муҳим экани таъкидланади. Ушбу оят бизга оналик вазифасига қанчалик эътиборли бўлиш, фарзанднинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг соғлом улғайиши учун масъулият билан ёндашиш лозимлигини ўргатади.
Демак, эмизиш — шунчаки болани овқатлантириш эмас, балки фарзанднинг ҳаққини адо этиш, унга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишнинг муҳим кўринишларидан биридир. Она сути чақалоқ учун энг табиий ва мақбул озуқа ҳисобланади. Унинг таркибида боланинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган озуқа моддалари, витаминлар ҳамда организмни турли инфекциялардан ҳимоя қилишга ёрдам берувчи иммун омиллари мавжуд. Айниқса, туғруқдан кейинги дастлабки кунларда келадиган оғиз сути чақалоқ учун ниҳоятда фойдалидир. У боланинг ҳимоя тизими шаклланишига ёрдам беради. Она сути боланинг ҳазм тизимига мос бўлиб, унинг жисмоний ва руҳий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, эмизиш она саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир оилада она сутининг аҳамиятини англаш, ёш оналарни қўллаб-қувватлаш ва эмизиш маданиятини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Фарзандни эмизиш жараёнида она ва бола ўртасидаги руҳий яқинлик янада мустаҳкамланади. Она бағридаги илиқлик, унинг меҳрибон нигоҳлари ва овози чақалоққа хотиржамлик бағишлайди. Бироқ бу давр ҳар доим ҳам осон кечавермайди. Баъзи оналарда сут камлиги, кўкрак учларида оғриқ, чарчоқ ёки бошқа қийинчиликлар кузатилиши мумкин. Бундай вазиятларда онани айблаш ёки руҳан тушкунликка солиш эмас, балки унга меҳр ва амалий ёрдам кўрсатиш зарур. Оила аъзолари, айниқса, фарзанднинг отаси онага кўмакчи бўлиши, унинг дам олиши ва тўғри овқатланишига шароит яратиши лозим. Чунки онага кўрсатилган ғамхўрлик аслида фарзандга кўрсатилган ғамхўрликдир.
Бугунги кунда ёш оилалар орасида оналик маданияти, фарзанд парвариши ва соғлом авлод тарбияси ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада отинойиларнинг ҳам ўрни беқиёс. Улар маҳаллаларда хотин-қизлар билан ўтказиладиган суҳбатларда оналикнинг муқаддаслиги, фарзанд ҳаққи, оиладаги меҳр-оқибат ва масъулият каби мавзуларни кенг ёритишлари мумкин. Айниқса, ҳомиладор ва ёш оналарга тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда тўғри маълумотлар етказиш, эмизишнинг фойдалари ҳақида тушунча бериш жуда муҳимдир. Шу билан бирга, ҳар бир она ўз саломатлигига эътибор қаратиши, зарур ҳолларда шифокор маслаҳатидан фойдаланиши лозим. Зеро, соғлом она — соғлом фарзанд тарбиясининг муҳим омилидир.
Оналик — Аллоҳ ато этган буюк неъмат, эмизиш эса ана шу неъматнинг гўзал ифодасидир. Она сути фарзанднинг илк озуқаси бўлса, она меҳри унинг қалбига берилган биринчи туҳфадир. Биз оналарни эъзозлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, эмизиш маданиятини тарғиб қилиш ва фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиш орқали соғлом ва маънавиятли авлод камолотига муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, бугун меҳр ва эътибор билан тарбияланган фарзанд — эртанги куннинг солиҳ инсонлари, юртнинг ишончли таянчи бўлиб камол топади. Она бағри — илк мактаб, она сути — илк неъмат, она меҳри эса бутун умрга татигулик маънавий бойликдир!
Г.Аваздурдиева
Тупроққалъа тумани бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари