Динимиз ҳамма соҳада мўътадил бўлишга чақиради. Дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймасликка буюради. Шунинг учун мусулмон киши икки дунёни ҳам эътиборга олиб яшайди ва ҳалол касб изидан ўзига ҳамда аҳли-оиласига покиза ризқ излайди.
Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
яъни: “Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, – дейилган.
Тирикчилик учун касб-кор қилиш ҳаёт заруратларидан бўлгани сабабли Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун керак бўладиган барча сабабларни тайёрлаб қўйган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
яъни: “Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди (32). (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйсундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйсундирди (33)” (Иброҳим сураси 32-33-оятлари).
Ислом дини ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилишни улуғлади ва унга ажр-савоблар ваъда қилди. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида ҳалол касб қилиб, ҳалол ризқ излаш ибодат билан бирга зикр қилинган. Жумладан, намоз ибодатини адо қилгандан кейин тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазли – ҳалол ризқ излаш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси 10-оят).
Ҳадиси шарифларда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Ҳадиси шарифлар деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноат ва уларни харидорга етказиш, яъни савдони ўз ичига олади. Бугунги кундаги турли хил хизматлар ҳам мана шу савдонинг ичига киради, чунки хизматлар ҳам пировард натижада сотилади. Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом:
яъни: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар.
Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди. Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
яъни: “Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир”.
Бир тоифа одамлар касб-кор қилишда нуқсонга йўл қўядилар ва ҳалолми-ҳаромми ажратиб ўтирмайдилар. Ҳаромнинг гуноҳини елкаларига олишлари билан бирга касбларининг баракаси кетади.
Мўмин киши ҳалол касб танлаб, пок йўллар билан мол топиши даркор. Ҳаром ва шубҳали моллардан қочиши керак. Зеро Қиёматда киши қаердан топиб, қаерга сарфлаганини ҳисобини бермагунча, оёқлари ўрнидан жилмайди.
Бугунги кунимизда кўпчилик инсонлар фойда беради деб кўп ирим қиладилар. Жумладан биринчи сотилган нарсанинг пулини барча матоларга теккизиб чиқадилар;
Дам урилган пулни ҳамёнида асрайдилар;
Дарвоза тепасига, ҳовлидаги устунларга ҳайвон калла суяги, тақа, исириқ, қалампир каби нарсаларни остб қўядилар;
Огоҳ бўлинг буларнинг барчаси иримдир, бидъатлардир ва ҳар бир ирим ва бидъат залолатлардир. Баъзи ирим ва бидъатлар инсоннинг эътиқодига қараб ирим ва бидъатдан ширк даражасига чиқади. Бундай ирим ва бидъатларни қилсам касбу-коримга, ризқимга барака бўлади десак афсуски адашамиз.
Балки касбу-коримиз, ризқимиз баракаси кесилишига сабабчи бўлади. Шунинг учун бундай ирим ва бидъатлардан узоқ туринг ва яқинларингизни ҳам огоҳлантириб узоқ тутинг.
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби