СУМАЛАК — ТАБИИЙ НЕЪМАТ

                 Унга бидъатларни аралаштирманг!

     Баҳор келиши билан маҳаллаларда, ҳаттоки ҳар бир хонадонда сумалак қайнатиш асрий анъаналаримиздан ҳисобланади. Табиат яшаришининг рамзи бўлган бу таом тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади.

     Қадим табиб боболаримиз ёзиб қолдирмиш битикларда сумалакнинг минг бир дардга даво экани, қиш тугаб, баҳор бошланиши арафаси, яъни халқ тили билан айтганда “илик узилди” даврида унинг таркибидаги табиий неъматлар инсон танасига қўшимча куч ва қувват бағишлаши, айни пайтда ерга уруғ қадаш мавсуми дебочаси сифатида келтирилган.

    Замонавий тиббиёт ҳам сумалак таркибида фойдали минераллар кўплиги, инсон танаси қуввати, тиббиёт тили билан айтсак, иммунитетни мустаҳкамлашда беназир эканлигини таъкидлайди.

    Сумалак пишириш асносида одамлар бир жойга йиғилишиб, ўзаро дийдорлашадилар. Таом баҳона байрамларга айланади ҳамма ёқ.

   Аммо, сумалак пишириш асносида баъзи бир аёлларимиз томонидан бидъат амаллар ҳам бажарилиши ҳолатлари борлиги ачинарли. Сумалак қайнаётган қозонда бирорта тош ташлаш ва шу орқали тақдирни айтиш ёки қизларимиз шу орқали ўз тенгқурини топиб, турмуш қуриши башорат қилиниши каби одатлар шу жумладан. Булар бидъат амаллар ҳисобланади. Негаки, тақдир Яратган эгамнинг қўлида!

      Шунингдек, сумалак пишираётган аёллар томонидан айтиладиган айрим айтимларда ҳам дини исломгача мавжуд бўлган ботил динларнинг қарашлари акс эттирилган. Бу айтимларни аждодлардан қолган маданий мерос намунаси сифатида қабул қилиш керак, борлиққа алоқадор деб эмас!

     Яна бир эътиборли ҳолат. Айримлар “Мен фалон авлиёга атаб сумалак айтгандим”, деб бу иддаоларини намойиш қилишади. Буям нотўғри амал, яъни бидъат одатлардан. Ҳатто ўз мақсадига эришиш учун сумалакни шу авлиё қадамжосида пиширишга ҳаракат қилишади.

     Динимизда инсонларнинг яхши ва ёмон кунларида садақа аташлари бор. Садақалар фақат Аллоҳ йўлида қилинади. Савоби ҳам садақа эгасига ёзилади.Бирор инсон ўз ихтиёри билан сумалак пишириб, уни савоб учун қўшниларга тарқатса буям бошқа садақалар каби қабул қилинади ва садақаси миқдорида ажр ёзилади.

     Халқимизнинг минг йиллик табиий таоми ҳисобланмиш сумалакнинг ҳар бир луқмаси жисмимизга қувват, иймонимизга қудрат ато қилсин!

                                                       Муҳаммаджон ЮСУПОВ

“Тавал бобо” масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *