ФИТНАДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

        Бугунги  кунда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ислом номидан бегуноҳ одамларни қонини тўкаётган,  болалар, қариялар ва аёлларни ўлдираётган кимсаларнинг қилмишлари эзгулик дини бўлган ислом динимиз таълимотларига мутлақо зид эканини бутун ислом оламининг кўзга кўринган уламолари таъкидлашмоқда.

         Ўзларини қора байроқ остида ИШИД (ироқ ва шом ислом давлати) деб, кейинчалик эса “ислом давлати” деб номлаган ҳаракат Сурия ва Ироқ ҳудудларида амалга оширган ғайриинсоний шафқатсизликлари, динимиз кўрсатмаларига ва инсонийлик хислатларига ҳам зиддир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга хаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир.” (Моида сурасида 32-оят). Улар эса жуда кўп бегуноҳ одамларни ўлдиришни ўзларига раво кўрдилар. Жабрланувчилар эса жангчи ҳам, ҳатто қуролланган ҳам эмас эдилар.

        Шунингдек, Аллоҳ таоло фитна чиқаришдан одамларни тинчини бузишдан инсонларни қайтариб: “Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. Улар қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, улар ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда ер юзида фасод учун ҳамда экинларни ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат қилади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас”. (Бақара сураси, 205-оят)

           Қуръони каримда ер юзида фасод чиқариб бузғунчилик қилиш қораланган: “Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ таоло бузғунчиликни севмас”. (Қасос сураси 77-оят).

        Шуларни эътиборга олганда, бугунги кунда ёшларимиз диний экстремистик окимлар фитнасидан огоҳ бўлишлари уларнинг ёлғон даъволарига учмасликлари ҳамда уларнинг таъсирига тушиб қолмасликлари зарур. Шуни назарда тутиш керакки, бундай ҳаракатлар республикадан ташқарига чиқиб ишлаётган меҳнат мигрантларини кўпроқ ўз таъсирларига туширишга интилишади. Баъзи ёшларимиз ўзларида мустаҳкам эътиқодлари йўқлиги сабаб экстремистлар таъсирига тушиб ташқи мамлакатларга чиқиб қурол кўтариб юрганлари ҳам ачинарли ҳолдир.

 

 Б. Атаниязов

Боғот тумани “Ғойиб бобо” жомеъ масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *