ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИК ЙЎЛИДА БАРЧАМИЗ ХИЗМАТ ҚИЛАЙЛИК

Халқимиз азал-азалдан меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва меҳру саховати билан дунёга донг таратган. Айниқса, Аллоҳ назар қилган жаннатмакон юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг қисқа давр ичида ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида жуда катта ижобий ўзгаришлар юз берди, асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Биз ёшларга Истиқлол шарофати туфайли ривожланган чет давлатларда ўқиб, малакали мутахассислар бўлиб етишишга кенг имкониятлар яратилмоқда. Яқин шарқ давлатларида бўлаётган нотинчликларни кўриб, мустақиллик ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъмат эканини янада чуқурроқ англаб етмоқдамиз.

Жамиятдаги маданий, диний, лисоний хилма-хиликнинг табиий ҳолат ва инсоний бойлик экани ижтимоий онгда устивор мавқе касб этади. Ҳозирда миллий ва диний мансублигидан қатъий назар, ҳар бир инсон ўзини Ўзбекистон фуқароси деб билиб, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида бир хил ва тенг имкониятларга эга бўлган ҳолда фаол қатнашиб келмоқда.

Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ албатта. Энг аввало, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”, деган қоиданинг мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратди. Бунда турли миллий ва диний урф-одат ва анъаналар ҳурмат қилинишини таъминлаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи фаолиятга йўл қўймасликдек тамойилларга қатъий амал қилингани ҳам аҳамиятга молик бўлди.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўсатиб ҳаёт кечиришга буюрган. Жумладан моида сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади:“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.”

Хулоса қилиб айтганда, тинчлик-осойишталик, халқ фаровонлиги учун ҳар бир киши қўлидан келганича хизмат қилмоғи лозим. Аввало оилада ота-она ўзаро аҳл-иноқ бўлиб, фарзандларининг таълим-тарбияси билан жиддий шиғулланишса, унинг соф эътиқод билан ўсиб улғайишини таъминлашса, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, дўст-биродарлар ҳам ўзаро аҳл бўлса, ҳар бир киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўриб, яхши ишларда ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватласа мана шундагина уларнинг ўртасига ҳеч ким адоват сололмайди, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан равнақи йўлида хизмат қилинган бўлади.

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий номидаги ЎМИБЮ юрти мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *