ДАВРИМИЗ МУАММОЛАРИ

Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз кетганда, албатта, бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатлар эътиборидан сўз бориши турган гап. Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир.

1. Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги. 

Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Бу масалада уламоларимиз ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшишлари керак. Бошқа соҳаларнинг мутахассислари ҳам ўз йўналишлари бўйича керакли ҳаракатни қилишлари, чора-тадбирларни кўришлари лозим. Бу борада таълим ва маслаҳатлар тақдим қилувчи ўқув марказлари кўпайса, яна ҳам яхши бўлади. Албатта, оила, уни қуриш, уни тутиш, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати учун, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Ушбу таълимотлардан бехабарлик эса оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг аслидир.
Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қараш ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда бўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларини унутиб қўймаслигимиз зарур.

2. Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик.

 Бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак, хато қилмаган бўламиз. Кўпинча эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб, маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади: оила бузилади, болалар тирик етимга айланадилар…Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан у динимизда ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир, шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (90-оят). Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этади¬ган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. Бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари маъқул. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» (91-оят). Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақийқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши биладилар. Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшниларнинг бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Бас, оилам бузилмасин, деган одам ароқ ичмасин.Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалари бузилиб кетишининг ўзи катта мусийбат. Гиёҳвандлик оилани барбод қилувчи омиллардан бири эканлиги ҳам сир эмас. Бу нарса ҳам шариатда қатъиян ман қилинган. Умму Салама розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».Абу Довуд ривоят қилган.

Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди. Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир. Ҳамаср уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш – ҳаммаси ҳаром эканлигига иттифоқ қилганлар.  Улар «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди», деганлар. Бас, оилам бузилмасин, болаларим тирик етим бўлмасин, деган одам гиёҳвандликнинг яқинига йўламасин.

3. Ёш оилага ота-оналарнинг аралашуви.

Қадимдан мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, қолаверса, кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оиланинг мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар. Ҳозир эса бунинг тескарисининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Тез-тез бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, гапларни эшитиб, ёқа ушлаб юрибмиз.
Куни кеча домлаларимиздан бирлари қуйидаги саволни берди: «Бир кишининг онаси «Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан», деб туриб олган экан, «Талоқ қилдим», дебди. Ота бу бир талоқ бўлишини, ўғли яна келин билан ярашиб олиши мумкинлигини бошқалардан билибди. Келин отасиникига кетганидан кейин она ўғлини олиб, келинникига борибди. Қўшниларни жамлаб, уларнинг гувоҳлигида «Ҳозир уч талоқ қиласан, бўлмаса, оққ қиламан», дебди. У киши ноиложликдан уч «алоқ» қилдим, дебди. Талоқ сўзининг «т»сини айтмай, «алоқ», дебди. Бунинг ҳукми нима бўлади?» Камина ходимингизга оилавий муаммо билан савол сўраб келган шахсларнинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам, ота-онасининг зўрлаши сабабли оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар ота-оналар боласига «Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оққ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ», каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўладилар. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, диний кўрсатмага бош уришга қарор қилган, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд қилган бўлади. Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақийқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақийқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор.

Унда жумладан, қуйидагилар айтилади: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган».  Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақийқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. 

4. Оиланинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан бири бефарзандликдир.

Бефарзандлик доимо оилаларда кўнгилсизликнинг сабаби бўлиб келган. Чунки бу нарса оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшашдан кўзланган бош мақсадга зиддир. Аллоҳ таоло инсон зотига фарзанд муҳаббатини қўшиб яратган. Шу боис оилада яшаб турган эр-хотин фарзанд кўрмасалар, ташвишга тушишлари табиий ҳолатдир. Аммо баъзи кишиларимиз бу ишда жуда ҳам шошиб кетадилар. Бир ой, ярим ой ўтмай, ташвишни бошлайдилар. Келин-куёвни олиб, дам солдиришга, табибга кўрсатишга югурадилар, икки тараф айб бошқасида эканлигини исбот қилишга ҳаракатни бошлайдилар. Айниқса келин тарафнинг хижолати зиёда бўлади. Албатта, бундай пайтларда шошмаслик, фарзандни аввало Аллоҳ таолодан сўраш лозим. Кейин шошмасдан, мутахассас табиблар билан маслаҳатлашиш керак бўлади. Баъзи ҳолатларда келин-куёв сабр қилишса ҳам, ота-оналар, қариндошлар уларни тинч қўйишмайди. Куёв тараф келинни туғмасликда, келин тараф куёвни бепуштликда айблашга ошиқадилар. Икки тараф ҳам оилани бузишни таклиф қила бошлайдилар. Бу ҳам тўғри эмас. Аслида ёшлар шошилганда ҳам катталар насиҳат қилиб, уларни тинчитишлари лозим. Бизнинг ҳозирги кунги тажрибамизда ўн тўрт йил ва ундан ҳам кўпроқ вақтдан сўнг фарзанд кўрганларнинг гувоҳи бўлдик, ақийқаларида иштирок этдик. Шунинг учун ҳам бу масалада оилани бузишга шошмаслик лозим.

Қ.Ниязов

Хонқа туман “Халифаи Худайқули эшон бобо” масжиди

мутаваллиёт ходим

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *