ИЛМ ИНСОН КАМОЛОТИНИ ЮКСАЛТИРУВЧИ КУЧ

Аллоҳ таоло инсониятни барча оламнинг гултожи, борлиқнинг гавҳари қилиб яратган. Инсон ва бошқа махлуқотларнинг орасидаги тафовут ақл-идрок, тафаккур, билим, онг каби хислатлар билан фарқланади. Айнан манашу хислатлар инсоният ҳаёт тарзининг ривожланиб боришига омил ҳисобланади. Маълумки инсоният кўп йиллар ва асрлар давомида ўта оддий яшаш шароитидан ниҳоятда тараққий қилган ХХI аср ҳаётига етиб келди. Бу ривожланиш жараёни барча жамиятларда ҳам бир текисда кечмаган. Балки, маълум бир ҳудудларда илгарироқ ва баъзи ҳудудларда кейинроқ юз берган. Таъбир жоиз бўлса айтишимиз мумкинки ҳозирги кунда ҳам ер юзида бир неча минг йиллар олдинги ҳаёт тарзида кун кечираётган қабила ва элатлар мавжуд. Бу ҳақиқатни кўриб инсонда табиий бир савол туғилади. Бундай ката фарқланишнинг сабаби нима? Бу саволга жавоб тариқасида кўплаб омилларни келтиришимиз мумкин. Лекин, энг асосий омил ва сабаб билим ва тафаккурдаги фарқдир. Агар диққат билан назар ташласак ривожланишнинг асосан олим ва мутафаккирлар кўпроқ бўлган жамиятларда илгарироқ юз берганини ва бошқалар ютуқларни улардан ўзлаштирганини кўрамиз.

Фикримизнинг тасдиғи сифатида тарихдан бир неча мисоллар келтириб ўтайлик. Маълумки, тарихчи олимларимиз антик давр ҳақида сўз борганда Юнонистон ҳақида алоҳида тўхталиб ўтадилар. Бу давлат ўз даврининг бошқа жамиятларига қараганда бир неча қадам олдинда бўлган деб ҳисобланади. Чунки бу давлатда ўз даврининг тенгсиз мутафаккир ва олимлари яшаб ижод қилганлар. Қадимги Юнонистонда мутафаккирларни донишмандлар, ҳаёт мураббийлари сифатида билишган. Юнон мутафаккирлари олам тузилиши ва инсон ҳаёти маъносини тушунтиришга ҳаракат қилишган. Геродот, Суқрот, Арасту, Архимед, Афлотун, Демокритлар шулар жумласидандир. Улар ўсимликлар, ҳайвонлар, инсон танаси, қуёш ва юлдузларни ўрганишган. Шу аснода тиббиёт, астрономия, архитектура, география, тарих, фалсафа каби фанларда салмоқли ютуқларга эришиб, уларни ҳаётга татбиқ қилганлар. Натижада турмуш тарзи анчагина юксалган.

Аллоҳ Таоло инсониятни ислом дини билан неъматлантиргандан кейин серқирра олим ва мутафаккирлар сафи ниҳоятда кенгайди. Маълумки, муқаддас динимиз асосини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ташкил қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек барча юксалишларнинг омили юксак онг ва тафаккурдир. Булар эса инсонда ўқиш, изланиш ва билим олиш натижасида шаклланади. Илоҳий китобимиз Қуръони каримнинг илк оятлари инсониятни ўқишга ва илм ўрганишга буюриш билан бошланганининг ўзи ислом динида илимнинг энг қадри баланд неъмат эканлигига ёрқин исботдир. Қолаверса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси мубарокларида ҳам илм олиш энг асосий таъкидлардан биридир. « Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир », « Бешикдан то қабиргача илм изланг » каби ҳадислар фикримизнинг исботидир. Яна Қуръони каримда Аллоҳ Таоло: «Билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? » деб марҳамат қилган. Ушбу ояти карима мазмунидан ҳам билишимиз мумкинки илм ва маърифат инсониятнинг бу дунёдаги ҳаёти кўркам ва гўзал бўлишига воситадир. Шу билан бирга инсоннинг яратган олдидаги мартабасини баланд қилувчи унвон ҳам саналади.

О. Ғойипов

Боғот тумани «Мирҳошим бобо» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *