ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИ БАЛАНД

Аллоҳ таоло инъом этган тинчлик, ҳотиржамлик ва соғ-омонлик қадрига кўпам етавермаймиз. Ҳадисда: “Қай бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида кунлик егулики бўлса, билинг, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, дейилган. Аллоҳга шукр, юртимиз тинч, аҳли оиламиз бағрида топганларимизни баҳам кўряпмиз. Муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассанблеясидан туриб дунё минтақаларидаги уруш ўчоқлари, миллатлараро, динлараро қарама-қаршиликлар, қашшоқлик, очлик, оналар ва болалар ўлими, тез тарқалувчи касалликлардек муаммоларнинг ҳал этилишидаги тўсиқларни Афғонистон мисолида таъкидладилар. Афғон халқининг моддий эҳтиёжларига эътибор қаратиш, диний ва миллий қадриятлари ва урф-одатларини ҳурматлаш билан бу ҳудудда тинчлик ўрнатиш мумкинлигини айтиб, Яқин Шарқ мамлакатларида бўлаётган ҳунрезликларнинг сабабларига ҳам тўхталдилар. Ҳақиқатан, юзлаб бегуноҳ одам қурбон бўлди, минглаб тинч аҳоли жабр кўрди, бошпанасиз қолди.

Шунингдек, Президентимиз ўз нутқларида, экология бузилишининг дунё мисолидаги салбий оқибатлари ва Орол муаммоси ҳақида куйиниб гапирдилар. Ноёб жониворларга бой Орол денгизи деярли қуриб ва йўқолиб бораётгани ташвишли ҳол. Ушбу ерда яшаётганларнинг ёрдамга муҳтожлиги, давлатимиз раҳбарининг жон куйдириши аслида Мазказий Осиё давлатларининг ҳам муаммоси эмасми?…

Тўғрироғи, бундан 20 йиллар бурун БМТ га аъзо бўлиш ва унда Ўзбекистон президентининг нутқ сўзлаши ҳеч кимнинг ҳаёлига келган эмас.

Ўзбекистон раҳбари жаҳон жамоатчилигини “ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини” етказишга чақирди ва юқори минбардан туриб мусулмон оламини тўлқинлантирган қуйидаги сўзларни айтдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”.

Бу сўзлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, дадил ва қатъий айтилгани ҳали кўп бор эътироф этилади ва албатта, ўз самарасини беради. Нутқдаги яна бир фикрга эътибор қаратайлик: «Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади». Бу сўзлар ушбу ояти каримага жуда мос келади: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз…» (Бақара сураси, 208-оят). Ҳадиси қудсийда эса: «Эй бандаларим! Мен асло зулм қилувчи эмасман, сизларнинг зулм қилишингизни ҳаром қилдим, бир-бирларингизга асло зулм қилманглар», дейилади.

Умуман олганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нутқи чуқур маъно-мазмуни, амалий руҳи, янги фикр ва ғоялар, халқаро ташаббусларга бойлиги билан Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Раҳимов У

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *