Ўзбекистон – виждон эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланган юрт

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимиз миллий урф-одатлари ҳамда муқаддас қадриятларига мос келадиган эзгу мавзулар мужассамдир. Жумладан, кўпмиллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган: “Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдир”.(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-модда).

Эътибор берсак, мазкур моддада диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор берилди ва бу, табиийки, жамиятда маънавий тикланиш жараёнини янги босқичга кўтарди. Дунёвийлик билан динийлик ўртасида андоза сифатида қўллаш мумкин бўлган янги мезоннинг шаклланиши натижасида динлараро бағрикенглик таъминланди.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Одамлар дин ва эътиқодда бир-бирларидан фарқлансаларда, уларнинг ўзаро меҳр-шафқатли бўлишлари ҳамда ораларида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашларига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.

Ислом динининг муқаддас манбаси бўлмиш Қуръони карим ва ҳадисларда бунга далил бўлувчи мисолларни кўплаб учратиш мумкин. Жумладан: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70оят)

Энди Виждон эркинлиги нима деган саволга жавоб излайдиган бўлсак, Виждон эркинлиги бу, фуқароларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиш ёхуд ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир. Ўзбекистон Конститутциясининг 31-моддасида зикр этилганидек, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафоатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қрашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида: “Виждон эркинлиги ─ фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир” деб таъкидланган.

Демак, бирор бир киши бошқа одамларга сен у динга, сен бу динга эътиқод қиласан ёки сенинг бирор динга эътиқод қилишга ҳаққинг йўқ, сен динсизсан деб айтолмайди ва у ёки бу ақидага бўйсунишга мажбур этолмайди. Ҳеч ким диндор кишини “Диний эътиқодингиздан қайтинг”, деб ҳам мажбурлай олмайди. Динга ишониш ёки ишонмаслик, диндор ёки даҳрий бўлиш ҳар кимнинг шахсий иши. Бу қонуний ҳуқуқ Ўзбекистон Конститутциияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни билан кафолатланади.

Бирлашган миллатлар ташкилоти 1948 йилдаёқ қабул қилган «Инсон ҳуқуқлари Диклерацияси»да виждон эркинлиги ҳуқуқи инсоннинг энг нуфузли ҳуқуқларидан бири эканлиги қонунлаштирилган эди.

Виждон эркинлиги дейилганда, айни пайтда фуқароларнинг динга муносабатидан қатъий назар, уларнинг тенг ҳуқуқлилиги, барча динларнинг қонун олдида тенглиги, динга эътиқод қилиш ёки қилмасликка нисбатан ҳеч қандай мажбурият йўқлиги, масжид, черков фойдасига мажбурий йиғимлар тўплашнинг тақиқланганлиги, давлатнинг масжид, черков ички ишларига аралашмаслиги, диний эътиқодлар туфайли ўзаро адоват ва нафрат қўзғатишнинг тақиқланиши ҳам тушунилади.

Бугунги кунда Республикамизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Собиқ шўро даврида диёримизда бор-йўғи 89 та масжид ва 2 та мадраса фаолият кўрсатган бўлса, айни вақтда 2040 та масжид, 9 та ислом ўрта махсус билим юрти, Тошкент Ислом Институти, Бухоро Мир Араб Олий мадарсаси, Ҳадис, Ақида, Фиқҳ, Калом, Тасаввуф мактаблари, илмий тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент Ислом Университети фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайит байрамлари юқори савияда нишонланиб келмоқда. Минглаб фуқароларимиз ҳар йили Умра ва Ҳаж амалларини бажариб қайтишмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги 364-сонли қарорига асосан Тошкент Ислом Институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди ва ушбу диплом эгаларига давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон қонунларимизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қўйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб етиб, уларга амал қилиши бу берилган неъматларнинг шукрини адо қилиш ҳисобланади.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ

мудир муовини О.Адилов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.