ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мақсади ва тамойили ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлашга қаратилгани эътиборга моликдир. Қолаверса, Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига уйғунлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, 2017 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлади. “Конституция” лотинча сўздан олинган бўлиб, у “тузиш”, “тузук”, “тузилиш”, “яратиш”, “ўрнатиш” деган маъноларни билдиради. Конституция давлатнинг Асосий қонуни ҳисобланиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади, жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланади.

Бизнинг Конституциямиз Ўзбекистон Республикаси XII-чақириқ Олий Кенгашининг XI-сессиясида 1992 йил 8 декабрда моддама-модда овоз бериш йўли билан қабул қилинган бўлиб, у 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакат тарихидаги буюк воқеа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзбек халқининг давлат суверенитети ғоялари ва инсон ҳуқуқларига ҳамда озодлигига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни ҳисобланадиган Конституция энг Олий юридик кучга эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мазмун ва моҳияти фақат унинг халқи манфаатларига хизмат қиладиган ва унда ҳуқуқий демократик давлат қуриш асосларини белгилаб берган қобуснома ҳисобланади.

Конститутциямиз дин ва виждон эркинлигини махсус моддалар билан кафолатлаган. Жумладан, Конститутциямизнинг 31-моддасида «хамма учун

виждон эркинлиги кафолатланади, ҳар бир инсон хохлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қуйилмайди»-деб қайд қилиб қўйилган. Бу эса, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўз дин ва эътиқодига мувофиқ барча диний маросимлари, ибодатлари ва тадбирларини бемалол адо этиш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон эътиқод, адлу-инсоф , диёнат, меҳр оқибат ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассамидир. Айнан шуниси билан барча мумин-мусулмонларга фуқаро сифатида унга тўлиқ риоя қилиш ва уни ҳурмат қилиш лозим бўлади.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи хожилар учун катта қулайликлар яратилган, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун катта бахт ҳисобланади. Бу каби неъматларга шукр қилмоқ ҳар биримизни зиммамизга вожиб. Аллох таоло : «Яна Роббингиз эълон килган (бу сузлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».

Азизлар, барча юртдошларимизга Бош Қомусимизнинг 25 йиллик байрами муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бундан-да зиёда бўлиб бормоқлигини муяссар айласин!

Х. Абдуллаев

УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *