БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ОТА-ОНА

Инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб келган Ислом дини бағрикенглик сифати билан машҳурдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳаққа мойил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим”, деганлар.
Ислом динининг бағрикенглиги Қуръони каримда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан ҳусни муомалада бўлишга буюриб: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади”, — деган (Мумтаҳана сураси, 8-оят). Демак, кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятда зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, — деб марҳамат қилган (Моида сураси, 2-оят).
Динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавияда қўни-қўшничилик ва бошқа турли кўринишдаги ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Бу борада саҳоба ва тобиъинлардан бизларга ибрат бўларлик воқеалар ривоят қилинган. Жумладан, бир куни ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бошқа динга мансуб бўлган кекса чолни тиланчилик қилиб юрганини кўриб қоладилар ва ҳолига ачиниб: “Ёшлик вақтингда сендан солиқ талаб қилсагу, кексайганингда ҳолингдан хабар олмай ташлаб қўйсак инсоф қилмаган бўламиз” деб, унга давлат ҳазинасидан маълум бир миқдорда нафақа ажратганлар.
“Барчамизга маълумки, бугунги ёш авлодларимиз келажагидаги бизларнинг меросхўрларимиз ва ҳаётнинг барча соҳасидаги катта-кичик вазифаларни эгалловчи ўринбосарларимиздир.
Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган мана шу асримизда ёшлар тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам ўсиб бориши зарур. Ёш авлоднинг таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш нафақат ҳукуматимизнинг ёки мактабларнинг вазифаси, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчларидан ҳисобланади.
Ҳар бир ота-она ўз фарзандини яхши, баркамол инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлиб жамиятдан ўзига муносиб ўринни топиб эгалагач, ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини, албатта, ҳар бир фарзанд ўстирган ота-она ният қилади. Лекин ҳар бир ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибат ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айрим ота-оналар бола тарбиясига унчалик аҳамият бермайди. Фарзандлари ким билан дўстлашган ва нима ишлар билан шуғулланаётганидан ҳам бехабардир. Маҳаллада ҳар бир шахс ўша маҳалланинг фарзанди учун ҳам масъулдир. Зеро, ўзимизда ажойиб бир нақл бор: “Бир болага етти маҳалла ота-она”, — деган. Мана шу мақолнинг замирига назар ташласак, маҳалламизда яшаётган ҳар бир ўғил ёки қиз бўлсин уларнинг юриш-туриши, таълим-тарбиясига бефарқ бўла олмаймиз.
Ёшлар бу – барчамизнинг келажагимиз. Уларни яхши тарбиялаб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан таъминлаш ота-она, устоз ва мураббийлар, қолаверса, маҳалла аҳли зиммасидадир. Ёшлар тарбиясига жиддий эътибор беришнинг аҳамияти нақадар улуғ экани ҳар биримизга аён. Уларга лоқайдлик билан ўз ҳолларига ташлаб қўядиган бўлсак, қандай кўнигилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳаёт тажрибаларидан маълумдир. Тарихга теран назар солсак, аждодларимиз ким эканини кўрамиз. Не-не буюк даҳолар, мутафаккиру алломалар айнан шу сиз ва биз яшаётган муқаддас ватанда яшаб ўтганлар. Ҳудди улар сингари уларнинг зурриётлари ҳам ҳали дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Чунки ёшларимиз томирида аждодларимизнинг қонлари оқиб турибди”.
Динимизда қўни-қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки, маҳалла-жамият таянчи, унда турли дин ва миллат вакиллари истиқомат қилади. Қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва самимият мавжуд бўлса, улар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар.

Ҳусинбой Собиров
Боғот тумани Қарри хўжа бобо масжиди имом-хатиб

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *