МАЪРИФАТ УЛАШМОҚДАМИЗ

Кейинги йилларда юртимизда илм-фан, маданият ва маърифат соҳаларига қаратилаётган катта эътибор, нашриётлар ишига ҳам ижобий таъсир кўрсатгани сир эмас. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 13.09.2017 йилдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори имзоланиши ҳам шулар жумласидандир.
Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган экан, мақсад қилиб қўйилган улкан ўзгаришларга эришиш учун янгича фикрлайдиган авлодни тарбия қилиш, олдимизда турган муаммоларга янгича ёндаша оладиган мутахассислар тайёрлаш асосий вазифаларимиздан биридир. Бунинг учун эса илм-фан ва ўз-ўзидан китобга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз зарур. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ташаббуси билан туманлар марказий масжидлари қошида ўтказилаётган сайёр китоб ярмаркаси ҳам ана шу йўлдаги қадамлардан биридир.

Жума кунлари ташкил қилинган ушбу китоб ярмаркаларидан ихлосманд халқимиз мамнун бўлиб, ўз миннатдорчилигини изҳор қилмоқдалар. Ҳазорасп туманида ўтказилган ярмаркада бир ихлосманд йигит янги туғилган фарзандига ақиқа қилиш ниятида боқиб турган новвосини имом домланинг маросимларда исрофгарчиликдан сақланиш ва ихчамгина қилиб ўтказиш борасидаги тавсиясига кўра новвос ўрнига бир қўй олиб, қолган 3 000 000 сўм пулга ўзига ва фарзандларига маърифат ҳосил қилиш учун китоб сотиб олганини гувоҳи бўлдик.
Китоб ярмаркаси кейинги ойларда ҳам давом этади.

Х. Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *