ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДАН БОРГАН ИМОМ-ХАТИБЛАР ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Хоразм вилоятидан ташриф буюрган 30 нафар имом-хатиблар пойтахтимизда барпо этилган муҳташам Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Маърифат ва тарих уйғунлашган ушбу маскан зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.

Салкам 10 гектар ҳудудни эгаллаган мажмуада “Исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозициялар орқали халқимиз цивилизацияси ва бой маънавий мероси замонавий ёндашув асосида намоён этилган.

Айниқса, Қуръони карим залида сақланаётган машҳур Усмон Мусҳафи ҳамда хориждан олиб келинган нодир қўлёзма ва тарихий артефактлар имом-хатибларда чуқур ҳаяжон ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Ташриф давомида меҳмонлар Марказдаги халқаро илмий ҳамкорлик ишлари, ICESCO ва IRCICA каби нуфузли ташкилотлар фаолияти ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳам танишдилар.

Мазкур сафар аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бебаҳо маънавий бойликларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ишларга яққол мисол бўлди.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *