Огоҳ ва хушёр яшаш давр талаби

“Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”. Ислом Каримов
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар нотинчлик ҳукм сураётган юртларга назар ташласак, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка минг бора шукр қиламиз. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 600 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ислом ниқоби остида ёки бу диннинг номи билан фаолият олиб боришяпти. Аслида мазкур террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмайди. Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади. Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Хушёрлик ва огоҳликка зид тушунча лоқайдлик, бепарволикдир. Бу иллат ҳақида биринчи президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида донишмандлардан бирининг фикрини келтиради: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади. Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради, тушунмаса, тушунтириб қўядиганларга хабар беради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай хайрли ишларда мададкор бўлсин.

Шайх Жалолиддин Румий масжиди имом хатиби Х.Худойназаров

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *