ИЧКИЛИКБОЗЛИК ИНСОН ҲАЁТИНИНГ ЗАВОЛИДИР

Инсоният ўткир спиртли ичимлик ишлаб чиқаришни ўрганиб олгандан буён, унинг ўзи бу офат домига тушиб қолмаслик учун курашиб келади. Афсуски, даврлар ўтиши билан бу «кайфи ширин заҳар»нинг хилма-хил турлари яратилди. Булар илгаридан маълум бўлган май, шароб, бода ва эндиликда кенг урфга кирган спирт, ароқ, коняк, вино, пиво ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан иборат бўлиб, барчаси инсон умрининг эгови ҳисобланади. Мазкур ичимликлар таркибида этил спирт бўлганлигидан истеъмол қилган кишини маълум муддатга сархуш қилади. Бу одатни тез-тез такрорлаш эса кишининг алкогол домига тушиб қолишига сабаб бўлади. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсалардан қайтардилар. Шунингдек, Май ичиш Тангри сўзи билан ман қилингандир.
Афсуски, ҳозирги даврда, ҳатто ўсмир-ёшлар, аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозликка, гиёҳвандликка, кашандаликка ружу қўйиш ҳоллари учрамоқда.
“У ярамасликлар онасидир, унга берилиш ҳам «ярамасликлар онаси» кўчасига олиб келади. Ёмонроқ ичувчи унга мағлуброқ, ҳар қанча ёмонлиги кўринса, унинг қошида севимлироқ. Бадмаст учун дам-бадам ичишдан қандай баҳра борки, одамликни ўлдириш учун қадаҳ-қадаҳ заҳар ичади. Бир қултум май мастларидан тартибсиз ашула, телба итлар улушганидан нишона”, дейди ҳазрат Алишер Навоий.
Олим, фозил Ризоуддин ибн Фахруддин айтади: “Одам боласи ақлли, ғайратли бўлиб дунёга келади, лекин унинг ақлини, ғайрат ва ижтиҳодини ичкилик битиради. Дунёда ҳар нарсани аксинча кўрсатиб турувчи нарса ичимликдир. Бир кишига ичкилик қадаҳини берувчи одам у бечоранинг виждонини ва бир оиланинг умидини ўлдириб, энг буюк жиноят қилган бўлади”.
Ичкилик одамни субутсиз, бебурд, ёлғончи, разил кишига айлантириб қўяди. У мияга қаттиқ таъсир этиб, жигарни, асабни ишдан чиқаради, юрак фаолиятини заифлаштиради. Ичкиликка берилган кишининг ҳаёти, албатта, фожеа билан тугайди. Бундай одам ор-номус, урф-одат ва мулозаматларни унутади, раҳм-шафқат деган тушунчалардан узоқлашиб кетади, паришонхотир, нафосатсиз, дидсиз бир инсон суратига айланиб қолади.
Ҳакимларнинг ёзишича, ичкиликка ружу қўйган кишида ҳар турли иллатлар, касалликлар пайдо бўлади. Бу касалликлар бора-бора инсон ҳаётига зомин бўлади.
Соғлиқ ҳар бир одамнинг улкан бойлиги ҳисобланади. Шундай экан, бу бойликни авайлаш, асраш лозим, бундай инсон ҳаёти учун зарарли одатлардан бўлган ичкиликбозликка қарши курашишимиз лозим!

Х.Матяқубов
Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *