ОТА ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ УЛУҒ ФАЗИЛАТ

Маълумки димизда Аллоҳ таъоло ўзига ибодат қилишдан кейин ота онага яхшилик қилишга буйуради.
Аллоҳ таоло Исро сураси, 23‑ояти каримасида шундай дейди:
Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт. (Исро сураси, 23-оят)
Аллоҳ таоло Луқмон сураси, 14‑ояти каримасида шундай дейди:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (Луқмон сураси, 14-оят)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Жаннат оналар оёғи остидадир” деганлар. Оналарга итоаткор бўлиш ва уларни рози қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади. Юқоридаги ҳадисдан мурод, онага яхшилик қилиш ва унинг хизматини қилишда унинг оёқлари остидаги тупроқдек бўлиш керак…. деганлар.
Қадрли намозхонлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб дуоларини олиш, уларни норози қилиб қўймаслик, ранжитиб қўймаслик ҳақида кўп марҳамат қилганлар. Ҳатто улар вафотларидан кейин ҳам фарзанд зиммасида ҳақлари борлигини таъкидлаганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Амалларнинг қайси бири афзал? деб сўрадим. Вақтида ўқилган намоз дедилар. Кейин нима? дедим. Ота-онага яхшилик қилиш дедилар.
Каъб ал‑Аҳбордан ривоят қилинади: Луқмон уғлига: Эй, Ўғлим! Ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасининг ғазабига учраган бўлса, Раҳмоннинг ғазабини чиқарган бўлади. Эй Болам! Албатта, ота-она жаннат эшикларидан бир эшикдир. Агар рози бўлсалар, Жабборга бориш бор. Агар аччиқлари чиқса, ёпилиб қолиши бор деди.

Ота-онага яхшилик қилган фарзандга кўп фойдалар борлиги учун динимизда энг фазилатли амаллардан хисобланади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни умри узун бўлиши ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади:
«Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади.
Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.
Увайс ал Қараний розияллоҳу анҳу Яманлик солиҳ киши бўлганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг ҳаётликларида имон келтирганлар. Аммо Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламни кўра олмаганлар. Бунга сабаб доимо оналарининг хизматида бўлганликлари эди. Шунинг учун саҳоба бўла олмай, тобеъий бўлганлар.
Увайс ал-Қараний розияллоҳу анҳу оналарига жуда меҳрибон, кўп яхшилик қиладиган зот эдилар. Шу сабабли Аллоҳ таоло у кишининг қасамини бажо қиладиган бўлди. Агар бировнинг хаққига дуо қилсалар, истиғфор айтсалар, Аллоҳ таоло у кишининг дуо ва истиғфорини қабул қиладиган даражага эришдилар. Баданларида оқлик бор эди, оналарига қилган яхшиликлари, меҳрибонликлари туфайли унга ҳам Аллоҳ таоло шифо берган эди.
Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 8-оятида:
“Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” дейилади. Ҳадиси шарифда айтиладики: “Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, инсонни қонини ноҳақ тўкиш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик бериш………” (Муслим ривояти).
Ота онага яхшилик қилмайдиган фарзандлар хор бўлиши хақида ҳадиси шарифда “Ота –онасини тириклик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин”, дейилган.
Ота онасини рози қилган фарзанд хақида эса қуйидаги ҳадисда шундай дейилган :
“Кимки ота-онасини розилигини олган бўлса, унга қандай яхши! Аллоҳу таоло унинг умирини узайтиради”.
Хулоса қиладиган бўлсак муқаддас димизда энг савобли ишлардан бири ота онага яхшилик қилишлик экан.Уларни рози қилишда ҳам фарзанд камолоти учун кўпгина фойдалар ва фазилатлар борлигини билиб олдик.энди бу маълумотларга амал қилишимиз қолди халос.
Бошимизга тож бўлиб турган,улар сабабли Аллоҳнинг розилиги топиладиган ва бошқа кўплаб фоидалар ва фазилатларга эга бўлишимиз мумкун бўлган сизу бизнинг комолотимизни тилайдиган зотларнинг розилигини топиб қолишга қаттиқ харакат қилиб қолишимиз лозимдир.

К.Илясов
Боғот тумани “Исмоил шайх бобо”масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *