ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШАЙЛИК

Асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан тарқалиб бораётган гиёҳвандлик балосининг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, уни бартараф этишга бағишлаб кўп мамлакатларда, Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора-тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ва офат манбаи ҳануз ортга чекинмаяпти.
Муқаддас динимизнинг барча кўрсатмалари одамлар орасида меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсоннинг жамият равнақига ҳисса қўшишига катта эътибор беради. Гиёҳвандлик инсоннинг иймонига, қолаверса, умуман инсонийлигига зиён етказади. Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишининг сабабларидан бири сифатида пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини кўпгина оятларда баён қилган.
Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса – пок; покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодатдир. Агар бунинг акси бўлса, ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи, айниқса, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар динимизда ҳаром қилинган. Ҳадисларда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг ифодасидир.
Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”, дейилади. Бу ҳадисдан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром экани аён бўлади. Шунга кўра, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандликнинг  ўлимга олиб келишидан уни истеъмол қилган киши ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни манъ қилган. Банда ушбу чегарадан чиқса ҳамда манъ қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса динимиз кўрсатмаларига зид амалдир.
Давлатимизнинг оқилона сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган давлатимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳванд
ликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.
Муборак ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда жуда кўп чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб бормоқда. Чунки бу иллатга қарши курашиш динимиз амри, виждонимиз нидоси, қонунларимиз олдидаги бурчимиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.
Демак, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиз экан. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлмоғи зарур. Шу қабиҳ иш ортидан тез бойиб олишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлаётганига бефарқ қараб туриш мумкин эмас.
Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳванд
лик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан ҳар биримиз четда турмаслигимиз, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бори
шимиз, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа мунтазам тарғиб қилишимиз зарур.

С.Сапаев
Хива туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *