ТИНЧ ВА ТОТУВ БЎЛМОҚ ИНСОНГА ХОС ФАЗИЛАТ

Инсон Аллоҳ таъоло яратганларнинг энг мукаррамидир.
Бу ҳақда Аллоҳ таъоло ўз каломида шундай марҳамат қилган:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Яратган зот инсонни кўп нарсалардан афзал қилган экан ,инсонлар ҳам яратган зотнинг амрини бажариб тинч ва тотув яшаши лозим.
Албатта инсон бахтли ва саодатли яшаши учун бир неча омиллар керак бўлади.Шулардан бири тинчликдир.
Тинчлик учун эса инсонлар бир бирлари билан тотув бўлишлари лозим.
Абдулла Авлоний бағрикенглик ва тотувлик бўлмаса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Ҳазрат Алишер Навоий шоҳ байтида дунё аҳолисига шундай мурожаат қилади:
“Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…”
Исломда Қуръондан кейинги энг муҳим манба бўлган ҳадиси шарифда, исломда энг яхши хислатлар очларга таом бермоқлик ҳамда таниган ё танимаганга салом бермоқликдир дейилади. “Ассалому алайкум” сўзи эса “сизга тинчлик, омонлик тилайман” деган маънони англатади. Демакки, миллатидан, эътиқодидан қатъий назар барча инсонларга тинчлик, сиҳат-саломатлик тилаш динимизда ўз ифодасини топган. Худди шу ҳадис Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида ҳам учрайди.
Жумладан, Абу Ҳурайра р.а ривоят қилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасад ва адоват қилманг, дунё ишларида сендан мен ўтаман, деб жанжаллашманг, бир-бирингизга тескари бўлманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, ҳаммангиз ака-ука бўлинглар” дедилар. Бундан кўриниб турибдики, жамики инсонлар бир-бирини ҳурмат қилиши, қўллаб-қувватлаши ва ўзаро низоларга бормасликлари лозим.Анашундагина тотувлик бўлади,тотувлик эса тинчликка замин яратади.
Ота-боболаримизнинг аҳиллик, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт учун қилаётган саъй-ҳаракатларидан тўғри хулоса чиқариб, уларнинг бу эзгу ишларини давом эттирсак – Она юртимиз учун муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Инсон ҳуқуқ-манфаатлари таъминланган, инсонпарвар мамлакатдагина ҳар қайси миллат вакили эмин-эркин ҳаёт кечириши, ўз орзу-мақсадларига эришиб, бахтли яшаши мумкин. Бугун мамлакатимиздаги ўзаро тотувлик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити тарихнинг бу кўҳна қоидасини яна бир бор инсониятга исботлаб бермоқда.

К.Илясов
Боғот тумани “Исмоил шайх бобо” масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *