ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир”(Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ушбу ояти каримадаги биринчи яхшилик бандалар томонидан амалга оширилади. Ушбу яхшиликнинг ичига барча эзгу ишлар кириб кетади. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло томонидан яхшилик қилувчиларга бериладиган Жаннатдир.
Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Яхшилик ҳақида хабар беринг” деганларида у зот: “Яхшилик бу — Аллоҳ таолога кўриб тургандек ибодат қилишлигингиздир. Гарчи сиз Уни кўриб турмаган бўлсангиз ҳам У Зот сизни кўриб турибди” деб жавоб берганлар.
Барчамиз ҳар доим қўлдан келганича яхшилик қилмоқлигимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшилик қилгувчиларни суяди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўз суйган бандасини ҳеч қачон хор қилиб қўймайди.
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ.
Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтади: «Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!» (Ҳаж сураси, 77-оят).
Бошқа оятида эса: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойидил ҳаракат қилиши лозим. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади.
Биз мусулмонлар бир-биримизга ёрдам берсак, дунё ва охиратда Аллоҳ бизлардан қийинчиликларни кўтаради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Яхшилик сабабидан Аллоҳ таоло касалликларни аритади, хато-камчиликларни авф этади. Қўлимиздан келгунича яхшилик қилайлик. Имкониятимиз йўқ бўлса, ҳеч  бўлмаса яқинларимизга табассум қилиб қарайлик, бу ҳам яхшиликдандир.

Ф.Бобожонов
Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.