ИСРОФ ШАЙТОННИНГ НАСИБАСИДИР

Мамлакатимизда  ҳукм сураётган тинчлик, осоишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шундай тинчлик замонида яшаётганимизга Яратганга шукроналар айтиб, тўйларимиз ва бошқа маросимларимизни меъёрида, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказишимиз керак.
“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломида:
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).
Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.
Ҳар қандай мўътадиллик, меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан, ҳам шаъран қораланиб, улардан ҳазар қилиш буюрилган.. Аллоҳ шундай марҳамат қилади:- «Қариндош, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг. Чунки исрофгар шайтоннинг биродаридир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукур эди», дейилади. Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликлардан қайтарилиб:
«Еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб, ясанинглар лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!» де-йилади. Яна бир бошқа ҳадису шарифда: «Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир» дейилади.
Исломда жорий этилган барча хайр-эҳсонлар бошқа амаллар каби авваламбор, Аллоҳ розилигини топиш учун бўлмоғи лозим.
Мусибатхонадаги маросимлар ҳам бундан мустасно эмас. Шариатда мотам уч кун қилиб қабул қилинган. Афсуски марҳум ўтганлигини 3,7,20,40,52 кунликлари муносабати билан маросимлар ўтказиш ҳанузгача барҳам топмаяпти.
Эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша сарфланадиган маблағни муҳтож оилалар, меҳрибонлик ва қария-лар уйларига, ободонлаштириш ҳамда ёшларга илм-маърифат тарқатиш ишларига сарф қилинса, нур устига аъло нур бўларди.
Шунингдек, тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўй-ҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Агар аҳвол бу кетишда бўлса, келажакда бундай маросимлар халқимиз бошига не кулфатларни соларкин, деб ўйлаб қоласан киши.
Битта наҳорга ош бериш учун баъзилар камида йигирма-ўттиз минг доллар сарфлайди. Ундан кейин ёки ундан олдин яна бир талай маросимлар ҳам бор. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми деймиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чарлар, чақириқ, ҳайит ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй ва ҳоказолар бор. Яна бошқа турли-туман харажатлар ҳам бор ўртада. Дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар. Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган ана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз.
Ундан кўра мазкур маросимларимизни бир оз қисқартирсак, бир оз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали мароисмларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими?..
Никоҳ маросимларидаги ортиқча дабдабабозлик  шариатда маън қилинган. Қизларимизга икки сандиқ тўла сарпо қилмасдан, битта кўйлакни қамроқ қилиб, келин бўлмиш қизимизга оила тилсими, одоб-ахлоққа оид китоблар совға қилсак, қандай яхши бўларди. Ёки, битта қимматбаҳо кўйлак пулига келажакда она бўладиган қизимизни тиббий кўрикдан ўтказиб, саломатлигини мустаҳкамласак, тўйдан кейин юз берадиган айрим машмашаларнинг олдини олган бўлардик. Келинглар, азизлар, мусибатхонадаги дод-фарёдлару ноўрин сарф-харажатлар билан ўтганлар руҳини азобда қолдирмайлик.
Тўй ва бошқа маросимларимизда қиладиган дабдаба, риёкорлик ва ортиқча сарполар ор-қали ёш келин, куёвларимизни бахтсиз қилиб қўймайлик…
Динимиз мусаффолиги, юртимиз ободлиги, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилинаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи тавфиқ ва иноятлар ато этсин.

И.Собиров
Хонқа тумани “Хўжа нураддин бобо” масжиди имом-ноиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *