ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТИШНИНГ АХАМИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида таъкидланган қуйидаги сўзлар ниҳоятда рамзий ва теран маънога эга: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”. Жамият ва давлатнинг оила хусусидаги ғамхўрлиги, авваламбор, давлат юритаётган кучли ижтимоий сиёсатда намоён бўлмоқда. Давлат раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий чора-тадбирларнинг бош мақсади – оила манфаатларини қаноатлантиришдан иборатдир.
Диёримизда ҳар бир киши оилада туғилади, камолотга эришади. Мустақил Республикамиз келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган шахс энг аввало оилада тарбияланади.
Энди оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз юритамиз. Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир.
Оиланинг асосий кушандаси, унинг бузилишига сабаб бўладиган нарсалардан бири эр-хотинларнинг зинога боришларидир. Бу ниҳоятда ачинарли ҳолат. Никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган бош мақсадлардан бири зинодан сақланишдир. Никоҳланиш, оила қуриш бахтига сазовор бўла туриб, зино қилиш эса катта гуноҳ ва улкан жиноятдир.
Аввало «Зино ўзи нима ва дунё халқлари унга қандай қараганлар?» деган саволга жавоб берайлик. Барча халқлар тушунчасида зино-бегона эркак билан аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу иш барча динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуснинг топталиши, уят, ифлослик ва разиллик ҳисобланган. Қадимдан барча халқлар зинони улкан гуноҳ ва катта айб деб ҳисоблаб келмоқдалар. Турли халқлар қонунларида зинокорларга тайин қилинган жазо ҳам турлича бўлган. Улардан баъзиларини эслатиб ўтиш кифоя.
Яҳудийлар «Агар бир эркак диний олимнинг қизи билан зино қилса, осиб ўлдирилади, қиз эса куйдирилади», деган ҳукмни Талмуддан олганлар.
Ҳиндларнинг Мону исмли машҳур қонунчиси ўз китобларида «Агар бир киши ўз табақасидан юқори табақадаги қиз билан зино қилса, қиз сургун қилинади, эркакнинг эса қўл-оёқлари кесилади, агар қиз браҳманлардан бўлса, куйдирилади», деб ҳукм чиқарган.
Ғарбда эса император Константин ўз даврида зинокор эркак ва аёлни ўлдириш ҳақида фармон чиқарган.
Элимиз ўзини халқ сифатида танибдики, зинони улкан гуноҳ, кечирилмас айб деб билган. Чунки Қуръони Каримнинг «Исро» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб айтади: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» (32-оят).
Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу эса, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фоҳиша ишлар ва ёмон йўллардан қайтарган. Ущбу оятда эса ҳам фоҳиша иш, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканлигини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим.
Уламоларимиз зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг, олдинги – фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарилган оятдан олдин келиши бежиз эмас, деган фикрни олға сурганлар. Чунки зино – ҳалол-пок йўл билан сарфланса, фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига, мабодо бўлиб қолса ҳам, уни туғилишидан олдин ёки кейин ўлдиришга уринади. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлганлиги учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради.
Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатларнинг ҳалокатга учраб келаётганлиги сир эмас.
Ҳа, зино насл-насабнинг бузилишига, оилаларнинг парчаланишига, инсоний ахлоқларнинг ёмонлашувига, турли касаллик¬ларнинг тарқалишига, ахлоқсизликка ва бошқа бало-офатларга сабаб бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қайси қавмда фоҳиша тарқалса, уларнинг орасида унга очиқча амал қилинса, уларнинг ичида ўлат ва ота-боболари билмаган касалликлар чиқади».
Зинокорлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, бу ишни Аллоҳ таоло қатъиян ман қилгандир. Шунга ҳам қарамай, мазкур гуноҳи азимга қўл урган банданинг иймонига футур етишига шубҳа йўқ. Аммо ўша иймонга футур етишлик даражаси ҳадиси шарифни тушунишга қараб, бир неча хил бўлади. Агар банда мазкур жиноятнинг ҳаромлигини билиб турса ҳам, уни ҳалол санаб қилса, кофир бўлади. Аммо банда ўша ишни бошқа ҳолатда қилса, ўша ишни қилаётган пайтида иймони ундан чиқиб туради. У ишни қилиб бўлганидан кейин афсус-надомат чекиб, тавба қилса, иймони қайтиб киради. Шунинг учун ҳам эр-хотинлардан бири ўз жуфти ҳалолининг зино қилганини билиб қолса, ажрашишни талаб қилади.
Кўпчилик «Эр ёки хотин зино қилса, талоқ тушадими?» деган саволни берадилар.
Бунга уламолар «Зино билан талоқ тушмайди», деб жавоб берадилар. Чунки шариатда «Ҳаром ҳалолни ҳаром қилмайди», деган қоида бор. Бу албатта, зино қилса бўлаверади, дегани эмас. Зино энг ёмон гуноҳлардан биридир. Мусулмон одам ундан тамоман йироқда бўлиши лозим. Унинг шахсга, жамиятга ва оилага зарарлари чексиздир. У оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан биридир.
Оила, никоҳдагиларнинг ўртасида аҳиллик бўлсагина мустаҳкам бўла олади. Шунинг учун ҳам Ислом динида уч нарса – Қуръони Карим, Каъбатиллоҳ ва оила муқаддас ҳисобланади. Шундан бўлса керак, исломда уйланиш, турмушга чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Никоҳ, эр-хотин оиланинг икки асоси, оилада бола дунёга келиши билан ота-онанинг фарзанд ва жамият олдидаги бурч доираси кенгаяди, оқибатда оилани мустаҳкамлаш, болаларга тўғри тарбия бериш масъулияти вужудга келади.
Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси – оила моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Шу жиҳатдан, БМТнинг Бош Ассамблеяси 1994 йилдан эътиборан ҳар йили 15 май кунини “Халқаро Оила куни” сифатида нишонлашга қарор қилгани бежиз эмас. Умуман олганда, ҳар йили белгиланаётган ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг барчасида оила ва унинг мустаҳкамлиги муаммоси умуминсоний вазифа сифатида эътироф этиб келинмоқда.
Бугун оиланинг беназир нуфузи, улкан ижтимоий аҳамиятга моликлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Зотан, оила чиндан ҳам жамиятнинг асосий ҳужайраси ва ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва фаровонлиги пировард натижада жамиятнинг барқарорлиги, гуллаб-яшнаши ҳамда фаровонлиги шартидир. Оила нафақат инсон наслини давом эттириш омили сифатида, балки жамият аъзоларини, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни миллий истиқлол ғояси асосида тарбиялаш маскани сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Инсон шахсини шакллантиришда оила, шубҳасиз, дастлабки босқич вазифасини ўтайди, яъни оилада одамларнинг бир-бирлари билан ўзаро муносабатларига асос солинади.
Зинокор бўлган аёл ёки эркакнинг сабабидан кўплаб оилалар бузилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам ФҲДЁ томонидан никоҳланувчи шахсларга берилган, тиббий кўрик йўлланмалари билан тиббиёт бирлашмасида тиббий кўрикдан ўтганларни таққослаб бориб, солиштирма далолатномалари тузилиб, ҳисоботи юритилмоқда.

Ф.Бобожонов
Қўшкўпир тумани “Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *