ТИНЧЛИК БЎЛМАГАН ЖОЙДА-ҲАЛОВАТ ЙЎҚ

          Инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди. Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган. Тинчликнинг қандай улуғ неъмат эканлигини тасаввур қилиш учун оддийгина ҳар кун эрта билан хотиржам кўчада иш ва бошқа юмушларга бориб келаётганимиз, фарзандларимизнинг эмин-эркин хеч қандай хавф хатарсиз ўқиш ва боғчага бориб келаётганини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ваҳоланки дунёнинг турли нуқталарида инсонларнинг иш топиши у ёқда турсин, бир кеча ҳотиржам ухлаб туришни орзу қиладилар.

          Баъазан қорни тўйиб овқат емаётган қанчадан қанча болалар ҳаётдан эрта кўз юммоқда. Яна минглаб инсонларнинг уруш оқибатида ўзга юртларга дарбадар бўлиб қочиб ўтаётганлиги, бизни юртимиздаги тинчлик-тотувлик, тўкин-сочинликнинг қадрига етишимизга ундайди.

          Неъматнинг қадри йўқотилганда билинади, дейдилар. Ҳозирги кунда дунёга боқсак, у ерда уруш, бу ерда тўполон, зилзила, тошқин оқибатида қанча-қанча шаҳарлар харобага айланаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим шаҳарларда кунига бўлмаса, ҳафтасига қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлиб турибди. Одамлар бозорда юргандами, автобусда кетаётгандами, ҳеч кутилмаганда ваҳшиёна амалга оширилган террористик амалиётлар қурбонига айланмоқдалар. Бундай нотинч ўлкаларда тараққиёт ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Аксига, ҳамма нарса орқага кетади. Юртдан файзу барака кўтарилади.

          Ислом дини, Қуръони карим тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.(Бақара сураси 208-оят)

          Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: “Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади”.

Мавжуд тинчлик қадрланмаса, муҳофаза қилинмаса ва фитнаю фасодга эшик очиб берилса, бу нарса ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилмасдан, вайрон қилмасдан чиқиб кетмайди. Фитна содир бўлса, унинг барҳам топиши қийин бўлади.

          Чунки тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. Бундай шароит кишига Аллоҳ таолонинг буйруқларини мукаммал ва хотиржам адо этишига имкон беради. Шу боис Аллоҳ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, тинчликни сақлашга чақиради: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..»(Ҳужурот, 9-оят).

          Аллоҳ ва унинг Расули сизу-биз мусулмонларни доимо тинчлик-ҳамжиҳатликка ва ўзаро ислоҳ ва муросага чақириб келади. Юртбошимиз бошчиликларида давлатимизнинг тинчлик ва осойишталик борасида олиб бораётган сиёсатлари нафақат юртимизга, балки кўшни давлатларда истиқомат қилаётган халқларга ҳам фойдаси тегиб, ўз самарасини кўрсатиб келмоқда.

Демак, Ватан тинчлиги йўлида ҳар бир киши хушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шундай экан, Аллоҳ устимизга ёғдириб қўйган тинчлик-эминлик неъматининг қадрига етайлик. Ғаразли кимсаларнинг алдовига учиб, ташвиқотларига илиниб қолмайлик. Ана шунда, Яратган ваъда қилганидек, неъматларини зиёда қилаверади.

 

У.Рахимов

Урганч шахар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *