Огоҳлик муқаддас бурч

Ривоятларда келишича бир ҳоким ўзининг юртида истиқомат қиладиган шайхулислом ҳазратларига мактуб ёздириб, кейинги вақтда бир неча гуноҳ ишларнинг авж олганини хабарини бериб, бунинг сабаби нимада эканини баён қилишини сўрайди. Шайхулислом ҳокимнинг хатига «Буни менга алоқаси йўқ»  дея жавоб ёзади. Шайхулисломнинг жавобидан ранжиган ҳоким уни ҳузурига олдириб, нима сабабдан бундай жавоб берганини, нима учун гуноҳлар кўпайишининг шайхулисломга алоқаси йўқлигини сўрайди. Шунда шайхулислом ҳазратлари «сизнинг саволингизнинг жавоби шу, яъни инсонлар атрофида бўлаётган ёмонликларга лоқайд қараб туришлари сабаб, турли гуноҳлар кўпаяверади» дея жавоб берган экан.

     Дарҳақиқат  лоқайдлик динимизда қаттиқ қораланади ва огоҳликка кучли тарғиб қилинади.  Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир олим Жалолиддин Румий огоҳлиги йўқ кимсани руҳи йўқ жасадга тенглаб: “Ғофилу мурда иккалови бирда” дейдилар. Бошқа бир ҳаким ўзининг ҳикматларида “Ўғридан қўрқма нари борса молингни олар, қотилдан қўрқма нари борса жонингни олар. Аммо бефарқ, лоқайддан қўрқ, чунки у иккисига йўл қўйиб берар” дейдилар. Жарир разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши  одамлар орасида юриб, гуноҳ ишларни қилсаю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб, қайтармасалар, Аллоҳ уларни ўлишларидан аввал жазога дучор қилади”. Ушбу ҳадисдан қодир бўлганларга огоҳ бўлиш, маъсиятни олдини олиш, жигарларини, дўстларини фитнадан огоҳлантириши  вожиблиги  келиб чиқади. Оммавий равишда яхшиликга чорлаш, ёмонликдан қайтаришни тарк этилса, фитна болалаб бутун жамиятни бошига балолар ёғилишидан огоҳлантирилмоқда.
Қуръони Каримда хабар берилишича, Бани Исроил қавмига шанба куни бариқ овлаш ман қилинган. Бу қавмнинг бир тоифаси, бу қайтариққа амал қилмасдан, шанба куни балиқ овлашни давом қилдирган. Иккинчи тоифа шанба куни ов қуриб қўйишган ва якшанба куни тўрга илинган балиқларни олишган. Учинчи тоифа эса бу икки тоифанинг қилмишларини кўриб туришса ҳам ёмонликдан қайтаришмаган. Аллоҳ таоло бу учала тоифага ҳам баробар азоб юборган.

    Демак, бошқаларнинг ёмон қилмишига лоқайд қараб турилса яратганнинг азоби барчага бирдек келади ва ҳамма баробар гуноҳкор бўлишади.

      Яратганга беҳисоб шукурлар бўлсинки, кейинги икки йилда барча соҳада бўлаётгани каби, диний соҳада ғам юксалиш ривожлани кескин даржада юқори бўлди. Ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда шукрини адо қилишимиз, неъматларнинг бардавом бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшиб, фитналардан огоҳ бўлишимиз ва огоҳ қилишимиз барчамизнинг муқаддас ва шарафли бурчимиздир. Бугунги кунда дунёнинг сиёсий манзарасига назар ташласак, дунё ғоявий курашлар майдонига айланди. Бундан ўттиз йил олдин бир шахсга  ёмон таъсир қилиш учун кўплаб ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлса, ҳозирги кунда қисқа вақт ичида ҳар қандай инсонни  тўғри йўлдан адаштириш имкони ниҳоятда ката. Хавф қанча кучли бўлса огоҳликка талаб шунча ортади. Тасаввур қилинг,  деҳқон огоҳ бўлмаса ҳосилидан айрилади, чўпон огоҳ бўлмаса сурувига бўри оралайди, соқчи огоҳ бўлмаса душманга имконият берган бўлади, ота ёки она огоҳ бўлмаса жигарбандини хатарга қўяди.  Огоҳлик тинчлик асоси, фаровонлик гаровидир.  Бугунги кунда биз огоҳ бўлишимиз лозим бўлган  хатарлар ниҳоятда кўп ва турли туман бўлиб, бу хатарларнинг ҳеч бирини енгил санашга ҳаққимиз йўқ. Ёшларимизнинг ёт ғоялар таъсирига тушиши, «оммавий маданият», гиёҳванд моддалар истеъмоли, ичкиликбозлик, ўғирликнинг авж олиши, оилавий ажримларнинг ортиши, ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг ортиши барчаси бизни яна огоҳ бўлишга чорлайди. Огоҳ бўлиш масаласини кенгроқ тушунишимиз лозим бўлади. Чунки, бу масала бирон-бир соҳага муайян ва мутлоқ эмас. Яъни, огоҳ бўлиш бирон соҳанинг ўзигагина қарашли, аҳамиятли холос эмас. У медицина соҳаси бўладими, хавфсизлик соҳасими, орган соҳаси бўладими биронта соҳани алоҳида ажратилмайди, барча учун бирдек муҳим масала ҳисобланади. Қолаверса, бу масала бир кунлик ёки бирон мавсумдагина муҳокама қилинадиган, долзарб бўлиб турадиган масала ҳам эмаски, у борада доимо фикр юритилади, бош қотирилади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, огоҳлик, ҲУШЁРлик доимо муҳим мавзудир.

Огоҳ бўлайлик! Лоқайдлик ва бепарволик ўта ёмон ва хатарли иллатдир. Муқаддас динимиз лоқайдлик ва бепарволикни, ўзибўларчиликда яшашни қоралайди. Динимиз ҳар бир ишда огоҳ бўлишга чорлайди. Бу нарсаларни билишда эса, инсондан илм талаб этилади, онг, тафаккур талаб этилади. Демак, огоҳлик сингари мана шундай ўринбосари йўқ бўлган мавзуларни фаҳмлай олиш учун, тушуна олиш учун албатта илм керак. Қуръони Каримнинг нозил бўлишидаги илк оятларни «ЎҚИ» дейилишининг мазмун-моҳияти ҳам айнан ана шунда бўлса ажаб эмас. Киши ўқиши, ўрганиши, билиши лозим. Ана ундан кейин бошқа масалаларда ҳам муаммоларга дучор бўлмайди.

Янгибозор тумани бош имом-хатиби
Х.Адамбоев

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.