Ислом динидаги фиқҳий мазҳаблар

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари доимо мусулмонлар оммасига соф ислом ақидасини етказишга ҳаракат қилиб келдилар. Бу зотлар барча мўмин-мусулмонлар эътиқод қилиши лозим бўлган масалалар муфассал баён қилинган кўплаб китоблар ёздилар. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини маҳкам ушлаш зарурлиги ақоид китобларимизда қатъият ила таъкидланган. Хусусан имоми Таҳовийнинг Ақоид китобига ёзилган шарҳда шу масала бўйича шундай дейилган: “Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Нодир ва хилоф масалалалардан ва тафриқадан четда бўламиз”.
Демак, Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобалар ва тобеъинлар ақидаларига, амалларига ва ахлоқларига хилоф қилганлар Аҳли сунна вал жамоадан эмаслар. Бунга ушбу оят далилдир: «Ким ўзига ҳидоят аён бўлгандан кейин Расулуллоҳга хилоф қилса ва мўминлар йўлидан бошқага эргашса, бурилган нарсасига буриб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон қайтар жой бўлди». (Нисо 115-оят)
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларида ҳақдан оғиб кетган бузғунчи фирқаларга раддия сифатида Ислом динининг муносабатини шундай изҳор қилиб: “Ўзларингизга “саводи аъзам” (улуғ жамоа, Яъни аҳли сунна вал жамоа)ни лозим тутинглар. Чунки, бўри подадан айрилган қўйни ейди”,  1
деб тафриқадан огоҳлантирганлар. Арфажа р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в):Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир. Шайтон эса, жамоатга хилоф (тескари иш)қилганлар билан биргадир”, дедилар.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Имом Аъзам (рҳ.)нинг таъриф ва тафсирларига доир шундай ҳадис ва ривоятлар ҳам борки, бошқа тобиинлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасига бу нарса насиб бўлмаган. Масалан, Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган эканлар.
яъни: “Умматим ичидан Абу Ҳанифа деб аталувчи бир зот чиқади. Ана ўша зот қиёмат куни умматимнинг чироғидир”.
Қуйидаги ҳадисдаги башорат ҳам Имоми Аъзам р.ҳ.га тегишли эканлиги ҳақида уламолар иттифоқдир
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в марҳамат қиладилар: “Агар дин Сурайёда бўлганида уни форс ўғлони олиб тушар эди”. Имоми Аъзам р.ҳ.га ишора қилинмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.
Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.
Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир! Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммалиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонларининг ўз ота-боболари танлаган бир мазҳабга эргашишлари муҳимдир.
Аллоҳ таоло юртимиз мўмин-мусулмонларини аҳил-иноқликда яшаб, мазҳабимизни яхши ўрганиб, унга амал қилмоқликларига муваффақ айласин.
(Жума тезислари асосида тайёрланди)

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *