“ЖИҲОД” АСЛИ НИМА?

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод килмокда деса бўлади. Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади.
Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”. Бугунги кунда баъзи бир бузғунчилар ўз – ўзини портлатиш билан шахидлик мақомини олиш мумкин эканини исботлашга уринмоқда.Мисол тарзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги холатлардан мисол келтиришади. Аммо ушбу ривоятларда душман билан юзма – юз турган пайитда жангга киргандан кейин халок бўлишни ривоятларнинг зохири кўрсатиб турибди. Яъни ривоятларнинг бирортаси тинч ахолининг устига портлатувчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. У ердаги холат билан бу ердаги жанг холати каби эмас. Душман билан бўлаётган жангда ўлса шахид, тирик қолса ғозий бўлади. Бир сўз билан айтганда шахид бўлиш ҳам, ғозий бўлиш ҳам мумкин. Яъни шахид бўладими ёки тирик қолиб ғозий бўладими ўзи билмайди. Лекин ўзини – ўзи портлатаётганлар аниқ биладики портлатгандан кейин ўлади. Бу холат шахидлик даражаси эмас.
Балки ўз жонига ўзи қасд қилиш ва бегонларнинг жонига тажоввуз қилишдир. Бундай шахслар шахидлик мартабасига эмас балки,  гунохкор дўззаҳий бандалар қаторига қўшилиши аниқ ва муқаррардур.
Аллоҳ таоло хадиси қудсийда баён қилади. “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукур қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим”  деган. Ўзини – ўзи ўлдириш бу ўз хаётини қасддан тўхтатишдур, шариат нуқтаий назаридан бу харакат қаттиқ қораланади. Ўзини – ўзи ўлдириш “Шахидлик” – деб бахолаш айни адашиш, жиноятнинг ўзгинасидир. Ахмоқнинг нодон эканлигини  жуда доно киши ҳам унга тушунтира олмайди. Этиқодга айланмаган ғояларнинг Жиҳод сўзининг мазмун-моҳияти. Жиҳоднинг луғатдаги хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қатор турларга ажратилган. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисоблангани боис, унинг кенг маънода қўлланиши аён бўлади. Умумий ҳолда жиҳод нафс, шайтон ва босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган. Пайғамбар алайҳиссалом Макка даврида мушриклар томонидан содир бўлган қийинчиликларга барча саҳобаларни сабр қилишга чорлаб, уруш қилишдан Пайғамбар алайҳиссалом Макка даврида мушриклар томонидан содир бўлган қийинчиликларга барча саҳобаларни сабр қилишга чорлаб, уруш қилишдан қайтарганлар. Қуръон илмлари билан шуғулланган уламоларнинг таъкидлашларича, 70 дан ортиқ ояти-каримада мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилган. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат берилмаган.
Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Наҳл сураси 125-оятидаги: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!”, – деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борган. Мусулмонлар қатнашган жанглар фақатгина уруш ҳудудларида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмасига мувофиқ жангда қўлида қурол бўлган кимсалар билан урушилган, агар улар тўхтатишни хоҳлашса сўзсиз тўхтатилган. Шунингдек, жангни хоҳламаганларга тегилмаган, аёллар, болалар ва кекса ёшдагиларга ҳужум қилинмаган. Ўзаро аҳдлашган кимсаларга хабар бермасдан ёки тўсатдан ҳийла билан уруш очилмаган, душман томон олдин жанг бошламагунча, уларга уруш қилинмаган. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлур эдилар.
Бироқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келган. Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар баъзи мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади. Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.
Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликлардан қайтариш, ўзининг инсонийлик жиҳатлари билан бошқаларга намуна бўла олиш жиҳоднинг асосий мағзи эканлиги баён этилган. Имом Нававий ўзининг “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “… яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган. Имом Дирдийр ўзининг “Ақроб ал-масалик” деган асари “жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган. Ҳозирги мутаассиб кишиларнинг халифалик тузиш тўғрисидаги фикрлари асоссиздир. Дунёвий тизим ҳукмрон бўлган ҳозирги замонда халифаликка зарурат йўқ. Буни воқеликнинг ўзи бизга кўрсатиб турибди.
Юқорида таъкидланганидек, давлат диндорларга ўз ибодатларини тўлиқ, эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитларни яратиб бераётган, буюк маънавий меросимиз ўрганилиб, муқаддас динимизга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилаётган шароитда мутаассиб оқимларнинг бундай сохта даъволари буткул асоссиз ва хатодир. Халқимиз маънавий ҳаётида асрлар бўйи эътиқод, иймон, пок ақида собитлиги муҳим ўрин тутган. Шундан келиб чиқиб, халқимиз эътиқодини турли ғаразли хуружлар ва ҳамлалардан ҳимоя қилиш, ёшларга динимизнинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш, мусаффо ислом ғояларини аҳоли, хусусан, ёшларга тўғри тушунтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.

Ф.Матяқубов
Хонка туман “Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.