ООГОХЛИКНИ УНУТМАЙЛИК

Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш унинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир.
Бугунги мафкуравий курашлар авж олган замонда дин, Ватан, миллат, маданият, миллий урф-одатларни сақлаш, ҳимоя қилиш, аждодлардан занжир бўлиб, бизларгача етиб келган муқаддас ислом дини ва қадриятларини келажак авлодга соф ҳолида етказиш барчамизнинг бурчимизга айланиши керак.
Хозирги глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун жиддий кураш кетмоқда. Турли манфаатлар тўқнаш келган ва шунга хизмат қиладиган ахборот хуружлари кўпайган бир шароитда бундай жараёнлар салбий таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли бу соғлом фикр юритиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, уларнинг билимини ошириш турли таҳдидларига тўсиқ қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 8-20-оятларида мунофиқлар ҳақида баён қилиб, бу билан мўмин-мусулмонларни ундай кимсаларнинг қилмишларидан огоҳ бўлишликка чақиради. Оятда қалбида нифоқ бўлган кимсалар гўёки, ер юзини ислоҳ қилмоқликни даъво қилишлари, аслида эса, қиладиган ишлари бузғунчиликдан бошқа нарса эмаслиги, буни ҳатто ўзлари ҳам билмасликлари баён қилинган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангизда дуоингиз қабул бўлмайди» (Имом Термизий ривояти), – деб одамларни амри маъруф ва наҳий мункар қилмасликнинг оқибати қанчалик ёмон бўлишлигидан огоҳлантирганлар.
Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилиш лозим бўлади. Аксинча, ҳеч кимнинг биров билан иши бўлмаса, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлса, халқнинг фаровонлиги, тинчликнинг барқарорлиги учун ўз ҳиссасини қўшмаса, бундай ҳолда Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди.
Аслида огоҳ бўлиш лозим бўлган соҳалар жуда кўп. Масалан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!», — деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар. Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Шу ўринда яна шуларни айтиш мумкинки, миллатлараро тотувлик, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари ҳар вақт долзарб вазифалар қаторида турган. Шундай экан, маънавият ва маърифат ишларини жонлантириш ёшларни ҳар томонлама етук ҳамда баркамол қилиб тарбиялаш бугун муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ислом – тинчлик дини экан, унинг муқаддас манбаларини бузиб талқин этишни олдини олиш, моҳиятини англаш ҳамда улардан тўғри хулоса чиқариш барчамизнинг вазифамиздир.
Шундай экан, инсон қай соҳада бўлсин ўзининг касби-кори, меҳнат фаолиятидан келиб чиқиб, бу масъулиятли хизматни сидқидилдан амалга ошириши лозим. Ватан равнақи ва озодлиги йўлида ҳамма бир тану бир жон бўлиб курашсагина у юрт тобора обод бўлиб боради.

Р.Рахимов
Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота” масжиди ходими

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.