ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

         Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалага айланди. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилиши, обод жойлар вайрон бўлиши, аҳоли ўртасида ваҳима, парокандалик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида бу каби ишларни амалга оширмоқчи бўлган турли оқим ва гуруҳларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Бу курашнинг моҳияти жумладан, Президентимиз томонидан асослаб берилган «Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин», — деган ғояда ҳам ўз ифодасини топган.

Хўш, жаҳолатнинг ўзи нима? У қандай кўринишларда намоён бўлмоқда? Жаҳолат — арабча «жаҳила» феълининг ўзаги бўлиб, билмаслик маъносини англатади. Ислом динидан олдинги даврни «жоҳилият даври» деб аталишининг сабаби ҳам шунда. Кишилар билимсизлиги, жоҳиллиги туфайли қиз болаларни тириклай кўмганлар, аёлларни одам ўрнида кўрмаганлар, уларнингҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган, жамият ширк ботқоғига ботган замон бўлган. Ислом дини келгач, жаҳолат ўрнини маърифат эгаллади. У аёл-қизлар шаънини кўкларга кўтарди, уч қиз тарбиялаб, уларни турмушга берган ота-она жаннатий бўлиши, жаннат оналар оёғи остида эканини баралла айтди. Кишилар маърифатли бўла бошладилар.

Афсуски, бугунги кунда ҳам жаҳолат турли кўринишларда ўзлигини намоён қилмоқда. Шулардан бири, диний билимсизликдир. Диний саводхонлиги пастроқ бўлган кишилар ўзларини ислом динининг жонкуярлари қилиб кўрсатадилар. Аслида эса, ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилиб қўйган турли оқим вакилларининг қуруқ ваъдаларига алданиб қолмоқдалар, ҳатто, ўзларини қурбон қилишгача етиб бормокдалар. Бундай мудҳиш оқибатларни келтириб чиқарувчи билимсизликнинг олдини олишга давлатимиз катта эътибор қаратаётганини таъкидлаш зарур. Ҳақиқий диний билим оламан деганларга кенг имкониятлар яратилгани — мадрасалар, Тошкент ислом олий маъҳади ва Халқаро ислом академияси каби ўқув юртлари фаолият кўрсатаётгани ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида аниқ амалий ишлар қилинганинингёрқин ифодасидир.

Жоҳиллик ҳам мутаассиб оқимларнинг ғаразли ниятларини амалга оширишига замин яратадиган омиллардандир.

Бунинг олдини олиш мақсадида жойларда экстремистик оқимларнинг ғаразли мақсадларини тушунтиришга бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмокда, телекўрсатувлар, радио-эшиттиришлар бериб борилмоқда. Фуқароларимизнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун қилаётган ишларимизни янада такомиллаштириш талаб этилади.

Ўзини портлатиш орқали бегуноҳ кишиларнинг ҳалок бўлишига, қанчадан-қанча болаларнинг етимга айланишига сабаб бўладиган жафокорлик ҳам жаҳолатнинг ўзига хос кўринишидир.

Бундай жафокорлик энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Қуръони каримнинг «Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай», — деган ояти ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Қайд этилган ҳолатларнинг ўзи жаҳолат оғир оқибатларни келтириб чи-қаришини кўрсатади. Шундай экан, одамлар онги ва қалбида маърифатнинг мутлақ устувор бўлишига эришиш, кишилар тафаккурини бойитиш, уларда соғлом ва собит эътиқодни шакллантириш учун кураш, бу йўлдаги назарий ва амалий ишларнинг ҳозиржавоблигини таъминлаш, таъсирчанлигини ошириш долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.

 

 Раҳматуллаев Зиёвуддин

Боғот тумани Бежганак бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *