ВАТАННИ ТАРК ЭТГУВЧИ БЎЛМАНГ

Мустақил мамлакатимизда Ислом дини омилидан, унинг бой маънавий ва маданий қадрият сифатидаги катта имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Динимизга берилган эмин-эркинлик, масжид-мадрасаларнинг обод қилиниши, буюк алломаларимизнинг таваллуд саналари нишонланиши, уларнинг харобага айланиб қолган абадий қўним топган масканлари муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилиши халқимиз ва ҳукуматимизнинг Ислом динига бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмат ва эҳтиромининг яққол тасдиғидир.

Ислом  дини – эзгулик манбаи. У – табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга бирдан-бир тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган  таълимотдир.

Шунингдек, тинчлик тушунчаси мақаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ҳамдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

«Эй, имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва итоат йўлига киринглар!».

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».

Инсон зиммасидаги энг олий мажбуриятни адо этмоқлиги учун унга, албатта, тинч ва осуда шароит зарур. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантирган. «Ислом» сўзининг ўзи ҳам араб тилидаги «салам» калимасидан олинган бўлиб, «тинчлик» деган маънони англатади. Демак, Ислом дини тинчлик ва дўстлик динидир.

Афсуски, ҳозирда динни ниқоб қилиб ўзларининг манфур ниятларини амалга оширмоқчи бўлаётган оқим аъзолари жиддий мажароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги инсониятни чўчитаяпти. Шундан дарак берувчи фикрлар анча мунча тўпланиб қолган. Ўзбекистоннинг мустақилигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳодисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда.

Диний экстремизм ва фундаментализм бизнинг минтақамиз учун хавф-хатарларни бевосита таҳлил қилишга киришишдан аввал эътиборни одамларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ ҳар қандай муаммо ғоят нозик эканлигига, уларнинг диннинг маънавий қадриятлари билан шиорлардан, хусусан исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурлигига қаратишни истардик.

Юртдошларимиз бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари лозим.

Ҳозирги вазиятда мамлакат аҳолисининг руҳий-маънавий покланиши, мустақил фикрлаши, ўз тақдири ва фарзандлари истиқболи ҳақида қайғуриши жуда муҳим. Бу вазифа барчамизнинг, жумладан, дин аҳлининг ҳам муқаддас бурчидир. қачонки киши ўзлигини англамаса, ўз виждони билан юзма-юз турмаса, имон ва эътиқод олдида ҳисоб бермаса, қўшниси, маҳалласи, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини тўла ҳис этмаса, бундай одам инсонлик шарафига муносиб эмасдир.

Кейинги пайтларда ёшларимизнинг бошқа давлатларга чиқиб ишлаб келмоқдалар албатта ўз оиласига моддий манфаат келтирган яхши аммо бугун чет элларда сарсон саргардон бўлиб юрганлар қанча.Уларнинг курган моддий фойдаларидан кўра маънавий зарарлари кўпроқ булмоқда.Баъзи бир аёллар ўзга юртларда фохишалик қилиб юрганлари бу миллатимиз учун айни исноддир.Бундан ҳам ачинарлиси шуки баъзи юртдошларимиз эстремистик оқимларга қўшилиб кетаётганлиги ҳар бир виждонли кишини ташвишга солади.Озгина маблағ эвазига ватанини ўз юртини сотиб кетаётган кишилар бизнинг келажагимиз бўлган ёшларни йўлдан уриб уз юртига қурол кўтарадиган манқуртлар қилиб тайёрлашига йўл қўймаслигимиз керак.Фарзандларимизда маънавий химояни кучайтиришимиз динимизнинг тинчлик ва меҳр оқибат дини эканлигини уларнинг онгига чуқур сингдиришимиз керак.

Ўз даврининг машҳур шоирларидан Махтумқули қуйидаги мисраларни келтиради:

Кел, кўнглим мен сенга насиҳат қилай.

Ватанни тарк этиб кетувчи бўлма.

Ўзингдан паст бўлган ғайри номарднинг.

Хизматинда қуллик этувчи бўлма.

 Бизлар яхши билмоғимиз керакки, террористлар, турли кўринишдаги экстремистлар, энг аввало, Ватанимиз тараққиётига, қолаверса, жаҳон цивилизацияси, айниқса, муқаддас динимизга путур етказмоқчи бўлган ғаламис, беватан, динсиз кимсалардир. Бизлар лоқайд бўлмаслигимиз керак. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ.

 

Н.Шожонов

Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *