Тинчлик қадрига етайлик

   Тинчлик ва ҳотиржамлик Аллоҳ таолонинг инсонларга берган буюк неъматларидан бўлиб, хар бир инсон бунинг қадрига етмоғи ва шукрини адо қилмоғи лозимдир.  Чунки тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун албатта тинчлик ва осойишталик лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

   Сир эмаски,  тинчликдек буюк неъмат бугунги кунда дунёнинг барча жойида ҳам топилавермайди.

    Бугунги кунда бутун дунё бўйича 500 дан ортиқ диний экстремистик ва террористик ташкилотлар мавжуд бўлиб, шулардан 80 фоизи ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб олган экстремистик ва террористик ташкилотларнинг харакатлари эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули (с.а.в.) кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.

   Ислом дини урушни бало ва офат деб билади.

    Бугунги кунга келиб, Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини, Дин нима-ю — дин номидан иш олиб бориш нима эканлигини ва  уларнинг асл мақсадларини бутун жаҳон аҳли яхши билиб олдилар.

Жаннатмакон юртимиз мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда.

  Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гурух ва тоифаларнинг мавжудлиги бизни ҳар доим огох бўлишга чорлайди.

  Бу тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса, шу юртнинг ҳар бир фарзанди- “Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси” деб қарамасдан, балки, “Менинг бурчим, менинг ор-номусим”  деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим!

      Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаравонлик тилашмайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир. 

Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва ҳотиржамликни қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!

Боғот тумани “Толли бобо” 

масжиди имом-хатиби

О.Рўзметов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *