Исломда Ҳалифалик ҳақида

 Тинчлик бу барча халқларнинг, шунингдек ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади.

Ҳозир дунё жамоатчилигини ташвишга солиб турган масалалардан бири Яқин Шарқдаги, жумладан, Ироқ ва Суриядаги нотинч ҳолатдир. Икки мамлакатнинг каттагина ҳудудида назоратни қўлга олган Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) ноқонуний диний-экстремистик ташкилоти нафақат Ироқ, Сурия ёки ён-атрофдаги мамлакатлар, балки дунёдаги тинчлик ва барқарорликка хавф соляпти. Бу ташкилотнинг асосий ғоялари халифаликни қайтариш ва шариатни татбиқ қилишни мақсад қилади. Токи улар бу ишни адо этмас эканлар уларнинг бошқа ибодатлари бефойдадир, деган ғоя тарғиб қилинади. Улар одатда ўз қарашларини асослаш учун Пайғамбаримизнинг (соллоллоҳу алайҳи васаллам) “Кимки имонсиз, яъни халифасиз хаётдан ўтса, у жохилят замонида ўтганлардек ўлибди” деган ҳадисларни ҳужжат сифатида келтирадилар Ушбу ҳадиснинг тарихи ва мазмун моҳиятини билмай, ўз йўлларига юрмаганларининг барчасини куфрга ҳукм қиладилар. Юқоридаги ҳадис барча замонлардаги инсонларга тааллуқли эмас. Балки мусулмонларнинг устларида халифа мавжуд бўлиб унга итоат қилишга байъат қилмаган кишиларгагина хосдир. Агар буларнинг даъвоси бўйича хулоса чиқарадиган бўлсак неча асрлардан бери келаётган мусулмонлар ва улар орасидан чиққан бутун дунё танийдиган уламолар худонинг хос бандалари барчаси жоҳилятда ўлган бўладими? Бу каби ташкилотлар, оқимларнинг хатти-ҳаракати туфайли бугун “жиҳод”, “ҳижрат”, “халифа”, ва “Шаҳидлик” каби ислом таълимотида мўътабар бўлган сўзлар янглиш маъно касб этмоқда. Бу сўзларни эшитган бошқа дин вакилларида салбий муносабат, баъзи ҳолларда эса қўрқув пайдо бўлмоқда.

Ҳатто мусулмонларнинг ўзида ҳам англашилмовчиликлар юзага келяпти. Уламолар юқорида саналган тушунчалар қўпорувчи ташкилотлар ёки бузғунчи оқимлар талқин этаётган маънодан тамоман узоқ эканини қайта-қайта таъкидламоқдалар. “Ҳалифалик” бу Пайғамбаримиздан (с а в) кейин ўттиз йил давом қилган. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз (с а в) мендан кейин ҳалифалик ўттиз йил давом қилади ундан кейин подшоҳлик ва амирлик бўлади деб башорат берганлар. Хазрати Абу Бакр Сиддиқ (р а) икки йил, хазрати Умар (р а) ўн йил, хазрати Усмон (р а) ўн икки йил, хазрати Олий

(р а) олти йил ҳалифалик қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с а в) башорат қилган муддатни якунлайдилар. Ундан кейин подшоҳлик ва амирлик бўлиб кетади. Бузғунчи оқимлар ҳалифага байъат қилмаган мусулмонларни гуноҳкор санаб, уларга итоат этмаган мусулмонлар қони ва молини ҳалол ҳисоблаблашлари, баъзи бошлиқларининг “Қон–шаробимиз”, дейишларининг исботидир.

Бироқ, “Исломий давлат” қилган эълони шаърий нуқтаи назардан тўғри эмас. Ҳамда бу нарса Сурияда курашаётганлар ва Ироқнинг суннийлари учун хавфи оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Етук олим Қаразовий сўзига кўра, радикал қарашлари билан танилган бир гуруҳ тарафидан “халифа тайин” қилиниши шариат талабларига мувоффиқ эмас. Халифа унвонини бир гуруҳ эмас, балки бутун мусулмон уммати бериши керак. Шунинг учун бундай иллатлардан қутилиш учун, уларнинг олдини олиш учун буюк аждодларимиз қолдирган бой меросимиз дурдоналарини чуқур ўрганишимиз  ва уни ҳаётга татбиқ қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Негаки, мустақиллик берган бу дориламон кунлар абадий бўлмоғи учун турли ёт ғояларнинг инсонлар онгига таъсирини олдини олмоғимиз лозим. Зеро,  туғилиб ўсган ва киндик қонимиз тўкилган тупроқ  муқаддас, аждодлар ҳоки қўшилган она тупроқ азиз, ватан суюкли. Аллоҳ назари тушган шу она Ўзбекистонимиздаги тинч ва фаровон ҳаётимизга беадад шукроналар қилиб, ҳар қандай ёмон назарлар ва ёмон ниятли кишилардан сақлашлик ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Шовот тумани бош имом-хатиби

Х.Аҳмедов

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.