ИСРОФ НЕЪМАТГА НОШУКРЛИКДИР

Динимизда исрофнинг хар қандай туридан қайтарилади ва тежамкорликга тарғиб қилинади.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган. Мазкур суранинг қуйидаги бошқа бир ояти каримасида шундай марҳамат қилинади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”
Тежамкорлик тўғрисида эса ҳадисларда: “Тежимкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб таъкидланади.
Аллоҳ таоло неъматларини исроф қилмасдан, уларни ғанимат билиб, қадрига етишлик ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил. Ҳаётингни ўлимингдан, соғли-ғингни касал бўлишингдан, бўш вақтингни машғул бўлишингдан, йигитлигингни кекса бўлишингдан ва бойлигингни фақир бўлишингдан аввал ғанимат бил».
Дарҳақиқат, исроф фақатгина еб-ичишгагина эмас, балки инсоннинг ҳаётига, унинг бойлигига, ёшлик даврига ва соғлиғига ҳам тааллуқлидир. Шу билан бирга, хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймасдан, мўътадил бўлиш талаб қилинади.
Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Ўтган кун бошқа қайтиб келмайди. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлишмиз лозим.
Солиҳ кишилардан бири: “Умр ўзи қисқа бўлса, сен ғафлатда бўлиб, уни яна ҳам қисқартириб юбормагин”, деган.
Инсон эртаю-кеч, доимо ўлимга тайёр туриши лозим, зеро, инсон қачон вафот этишини билмайди. Инсон умри мобайнида соғлик ва касаллик билан бирга бўлади, шунинг учун соғлик ва ҳаётлик вақтида ибодатни кўпайтириши зарур. Агар касал бўладиган бўлса, ёки вафот этадиган бўлса, ибодатни адо қила олмай қолиши мумкин.
Умр бир хазинага ўхшайди, ким уни бу дунёда Аллоҳнинг тоатига, яхши ишларга сарф қилса, охиратда унинг фойдасини топади. Ким уни ўйин-кулги, гуноҳ, ғафлатга сарф қилса, қиёмат куни афсус ва надоматлар қилади, лекин бу кунги надоматлари унга манфаат бермайди.

Азизлар Аллоҳ таоло бизга берган неъматларидан ақл билан фойдаланайлик.

Н.Шожонов
Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *