МЕҲР-ШАФҚАТНИНГ ФАЗИЛАТИ

Меҳр-шафқат тушунчаси энг юксак ахлоқ ва бошқа хулқларнинг асл манбасидир. Ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғ билан алоқа қилиш, етимни бошини силаш, камбағал, бева-бечораларга, касаллар, ишчилар, ҳожатмандлар, мусибатдагиларга ёрдам бериш, қўшнилар, ошна-оғайнилар ва барча инсонларга яхши муомалада бўлиш, гуноҳкорни айбидан ўтиш, раҳбарлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш каби бир неча фазилатлар мана шу меҳр-шафқат тушунчасидан келиб чиқади.
Меҳр-шафқат араб тилидаги “раҳмат” сўзидан олинган. Раҳматга уламолар: “Раҳмат- бошқа бир кишидаги мусибатни ҳис қилганда азоб чекадиган ёки ундаги ҳурсанчиликни билганида севинадиган қалбдаги юмшоқликдир”, деб таъриф беришган.
Киши ўз биродарига етган қийинчилик ва ҳурсандчиликларда у билан бирга бўлиши шу раҳматдан бўлади. Меҳрибон киши раҳм-шафқатга ҳақли одамни билса унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Агар, ёрдам беришининг иложи бўлмаса, унинг оғирини енгил қилолмаса ич-ичидан қийналади. Бу ҳудди Пайғамбаримиз айтганларига ўхшайди: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишларида бир жисмга ўхшайдилар. Бирон аъзо оғриса қолган аъзолар ҳам бедор ва иситма бўлиб биргаликда азоб чекади”. Мўмин ўз биродарининг бошига иш тушганда қараб туролмайди. Қўлидан келган ёрдамни беради. Ана шу ҳақиқий муъмин кишининг хулқи бўлади.
Ислом меҳр-шафқат динидир. Аллоҳ таолонинг энг улуғ сифатларидан бири Раҳмондир. Раҳмон сўзининг маъноси барча махлуқотларга раҳм қилувчи, мўминга ҳам, кофирга ҳам неъматларни берувчи дегани. Ҳа, Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги чексиз. Ўзига итоат қилмаган гуноҳкор бандаларига ҳам ризқ бераверади. У Зот охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, деган. (Анбиё 107). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлган киши билади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ниҳоятда меҳрибон эдилар. Кунларнинг бирида саҳобалари билан масжидда ўтирганларида бир саҳролик аъробий келиб ўтиради. Икки ракаат намоз ўқигандан кейин масжиднинг бир томонига ўтиб бавл қила бошлайди. Уни кўрган саҳобалар қаттиқ ғазабланиб, тўхтатиш учун унга ташланмоқчи бўлишса, Пайғамбар алайҳиссалом: “Уни тинч қўйинглар. Бавлини устига бир челак сув қуйиб юборинглар. Сизлар осонлаштирувчи бўлинглар, қийинлаштирувчи бўлманглар”, дедилар ва аъробийни чақириб, юмшоқлик билан: “Бу масжидлар бундай бавл, нажосат нарсалар учун ярамайди. Бу ерда Аллоҳ зикр қилинади, намоз ўқилади, Қуръон қироат қилинади”, дедилар. (Бухорий ривояти)
Бу улуғ ҳикматни қаранг. Агар саҳобаларни тўхтатмаганларида нажосат ҳамма ёққа ёйиларди. Аьробийнинг саломатлигига қаттиқ зарар етарди. Энг ёмони исломдан нафратланишига сабаб бўларди. Нажосатни иши эса енгил. Бир челак сув қуйилса кифоя. Жой тоза бўлади.
Бундай мисолларни жуда ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик мулойим бўлишларининг сабаби бор эди. Уни Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилади: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар. (Оли Имрон 159)
Имом Бухорий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй Оиша албатта Аллоҳ мулойимдир. Мулойимликни яхши кўради. Қўполга бермаган нарсаларни мулойимга беради”, деганлар.
У зот ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлишни таъкидлардилар. Жумладан, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб соғишлари, ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр борлиги, яъни унга ем ёки дон берса савоб бўлишини айтганлар.
Чумолига ҳам озор бермаслик шу таълимотларни олган мусулмонлардан чиққан. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Одамларни аёвсиз ўлдириб, шаҳарларни вайрон қилаётган, аёллар тул, болалар етим бўлиб, уларни ўз ватанларини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлишига сабаб бўлаётган инсонларни мусулмон деса бўладими?! Уларнинг ишини исломдан деса бўладими?! Қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?!
Ўзини билган, Муаҳаммад алайҳиссалом умматиман деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Аллоҳ таоло мана шунга буюрган. Унинг Пайғамбари шуни васият қилганлар.

Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди -хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *