Ўзбекистон-буюк алломалар юрти

Ўзбекистон республикаси тарихи шавкатли номларга бойдир. Шунингдек, хоҳ дунёвий илмлар бўлсин, хоҳ диний илмлар бўлсин бизнинг юртимиздан бошқа ҳеч бир ҳудудда учрамайдиган даражада кўп алломалар етишиб чиққан. Биз бу буюк аждодларимиз ал-Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Хоразимий, Беруний, ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Бобур ва бугунги кунда бутун дунёга машҳур бошқа Шарқ донишмандларини ёд этамиз ҳамда улар билан фахрланамиз.
Биринчи Президентимиз биргина имом ал-Бухорий ҳақида шундай деганлар: Имом ал-Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихоридир. Ул табаррук зотнинг ҳаёти том маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсоли деб таърифлаганлар.
Бу бежизга эмас. Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг «табиби», набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган бу улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум. Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир.
Мамлакат раҳбари ҳаққоний таъриф берганидек, «Имом Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихоридир. Имом Бухорий ҳазратларининг «Ал-Адаб ал-муфрад» (Одоблар хазинаси) асари илм аҳли ўртасида жуда машҳур ва мўътабарли китоб бўлиб ҳисобланади. Имом Бухорий бу китобда 1322 та одоб-ахлоққа доир ҳадиси шарифни 644 бобда ривоят қилганлар. Аксарият олимларининг қайд этишларига «Ал-Адаб ал-муфрад» китоби одоб ва ахлоқ ҳақидаги Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг одобларини ўзида жамлаган ва исломий, инсоният тартиб қоидаларини тарғиб этади. Имом Бухорийнинг бу муборак асарлари ўз мавзусига мувофиқ ота-онани ҳурмат қилиш ва уларга яхшиликда бўлиш, уларга асло оққ бўлмаслик, ота-она дуосини олиш, уларга силаи раҳм қилиш, қариндош уруғлар билан чиройли муносабатда бўлиш, фарзандлар тарбияси, уларга раҳм-шафқатли бўлиш ҳақида, қўни-қўшнилар ҳақи, одамларга очиқ чеҳрада муомала қилиш, мискин ва бечораларга ёрдам бериш, зиёрат қилиш одоблари ҳақида, одамларга озор бермаслик, бемор кишиларни кўришга бориш ҳақидаги ҳадиси шарифлар зикр этилиб, уларга чиройли усулларда шарҳ битилган. Хулоса қилиб айтганда ушбу китобни ўқиш, ўрганиш орқали одоб-ахлоқ ҳақидаги тушунча ва тасаввуримиз камолатга етади. Бу китоб оилаларда фарзанд тарбияси ва уларни баркамол инсон бўлиб етишишларида муҳим дастурул амал бўлиб қолади.
Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди.
Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга чинакам эътибор ва иззат-эъзоз бошланиб, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини қизғин ўрганишга киришилди. 1998 йили Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ таваллудининг 1225 йиллик тўйи мамлакатимизда кенг нишонланди. У кишининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Мамлакатнинг энг катта Ислом ўқув юрти бўлмиш Ислом маъҳади, бир неча жомеъ масжидлари Имом Бухорий номлари билан аталади. 2008 йили биринчи Президентимиз фармони билан Самарқанднинг Хартанг қишлоғида Имом Бухорий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Имом Бухорий халқаро Маркази ташкил этилди. Халқимизнинг у зотга бўлган энг улкан эҳтироми ва миннатдорлиги Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Мажмуанинг лойиҳасидан тортиб унинг қуриб битказилишигача бўлган барча ишлар биринчи юртбошимизнинг эътиборларида ва диққат марказларида бўлди. Мана шунинг ўзиёқ мамлакат раҳбарининг Имом Бухорийга бўлган чуқур эҳтироми ва эъзоз-иззатини кўрсатиб турибди. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма жойидан Имом Бухорий зиёратига келган мухлисларнинг кети узилмайди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк ватандошларига миннатдор авлодларнинг улуғ эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.
Аллоҳ таоло буюк ватандошимизни Ўзининг раҳмат ва мағфирати билан чулғаб олсин ва илм йўлидаги улуғ хизматларини охиратда ўзларига захира айласин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *