САБРЛИЛИК МЎМИНГА ХОС

Аллоҳ таоло Қуръон оятида бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат бизгагина қайтарилурсизлар” (Анбиё,35).
Қуръон оятининг хабарига кўра, инсон хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон, дунё ҳаётида яшар экан, у Аллоҳ тарафидан мусибатлар, машаққатлар ва турли ёмонликлар билан ҳам, омад, муваффақият ва яхшиликлар билан ҳам имтиҳон қилинади. Киши ҳаётда турли-туман ҳолатларга тушади: айрим ҳолларда қувончдан боши осмонга етади, баъзан эса кўзига дунё зимистон бўлиб кўринади. Бундай пайтларда кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзларини омадсиз, нотавон ҳис қилишади, омадсизлик аламига дош беролмай, турли бўлмағур чоралар воситаси ила аламдан чиқмоқчи бўлишади. Ўз жонларига суиқасд қилувчи нотавонлар ҳам учрайди. Ҳолбуки, оддий тафаккур кўзи билан қаралса, инсон умри бир текис, равон ўтавермаслиги — бахтиёр кунларда машаққатлар эҳтимоли йўқолмагани, уқубатли дамларда эса яхши кунлар умиди сўнмаганини кўриш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларни доимо сабр-бардошли бўлишга ва ҳамиша қаноатли бўлишга чақирибгина қолмай, бундай хислат эгаларини бу дунёда ҳам ва охиратда ҳам жуда катта ажру-мукофотлар билан тақдирлашини Ўзининг муборак каломи Қурьонда кўп бора таъкидлаган. Жумладан, Оли Имрон сураси охирги ояти каримасида: “Эй имон келтирганлар, сабр қилинглар, сабрда устун бўлинглар .” – деб бандаларини сабрга чорлаган. Сабр инсонни комилликка элтувчи, нафснинг васвасаларидан қутқарувчи, имонни сайқалловчи энг яхши хислатлардандир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам : “Бош тана учун қанчалик керак бўлса, сабр ҳам имон учун шунчалик кераклидир”, деганлар. (Дайламий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда: “Сабр- зиёдир (ёруғликдир)”-дейилган.
Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло суранинг бутун мағзи ва ғоясини ифода этувчи, мусулмонларга ниҳоятда зарур ва фойдали насиҳатни келтиряпти: агар мусулмонлар дунё ва охират ишларида дуолари ҳамда мақсадлари ижобат бўлишини исташса, ҳар қандай машаққат-кулфатларга дуч келишса ҳам Аллоҳнинг тоатида қатьий туриб давом этишсин, гуноҳлардан сақланишсин, душман қаршисида мардона туришсин, Исломни қаттиқ муҳофаза қилишсин, хусусан, душман кириб келиши хавфи бўлган жойларда таналарини темир девор каби қалқон қилиб туришсин. Аллоҳ таоло мўминларни кулфат-мусибатларда сабр қилишга чақиради ва бунинг эвазига берадиган савоб-мукофатлардан умидлантиради. Зеро, мусулмонлик сабр орқалидир.”
Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамизки, тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз. Бунинг учун Яратгандан беҳад миннатдор бўлиб, арзимас камчиликларни рўкач қилавермасдан доимо дилдан ва тилдан Аллоҳ таолога ҳамдлар, шукрлар айтишимиз лозим. Айрим инсонлар сабрсизлик қилиб ҳою-ҳавасга берилиб оиласини, ота-онасини ташлаб, ўзга юртларда сарсон саргардон минг қийинчиликлар билан пул топмоқдалар. Ўша топган пуллари шунга арзийдими? Фарзандлари отасиз ё онасиз вояга етишига, ота-она меҳрига зор бўлиб катта бўлишига ва уларнинг порлоқ келажагидан воз кечишларига арзирмикан? Балки уларнинг кўпчилиги ўзларича биз фарзандларимиз учун қайғуриб юрибмиз деб ўйлар, бироқ, ундай эмаслигини кўпчилик кеч англамоқда. Ҳали шу кунгача ҳеч ким очликдан нолигани, яланғоч қолиб ёки уйсиз кўча-куйда сарсон саргардон бўлиб юргани йўқ. Чунки бу диёр, бу замин кимлардан қолган заминдирки…! Албатта олий саркардалар, ҳақиқий мардлар, олиму-фозиллар, валию-авлиёлар, сахий ва ғамхўр бойу-беклар ва асосийси меҳр-оқибатли аждодларимиз, қалби муҳаббатга тўла боболаримиз ва момоларимиздан қолган муқаддас диёрдир. Мўтабар аждодларимиз ўгитлари ҳечам сўнмас, узоқ-яқин ўтмишимиздан кераклича ибрат олиб, ўз ҳаётимиз ва келажак фарзандларимиз ҳаёти тинч ва фаровон бўлиши йўлида хормай — толмай ҳамиша изланишда бўлиб, сай-ҳаракатдан тўхтамайлик.
Шу ватан бағрида ҳамиша бир тану бир жон бўлиб яшайлик! Жонажон диёримиз гуллаб яшнаши, равнақи, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида чарчоқ нималигини билмай ўз ҳиссамизни қўшайликки биздан кейинги авлодларимиз биз билан фахрлансин. Борида ҳам, йўғида ҳам доимо ҳар соҳада фарзандларимизга ибрат бўлиб кўрсатайлик. Фарзандларимиз шу заминда биздан ҳам бахтли ва саодатли ҳаёт кечирсинлар. Албатта кўзлаган мақсадимизга эришамиз! Фарзандларимиз биздан кўра илму-маьрифатли, руҳан тетик, жисмонан соғлом, ақлан етук бўлиб етишадилар. Бу ҳаётда сабр умид билан яшашга, муваффақиятларга эришишга ундовчи омилдир. Шунинг учун мусибатларга сабр қилиш билан бирга, бошқалар ҳолидан хабар олиш, кўнгилларини сўраш, яхшилик сари етаклаш, ҳар биримизнинг мусулмонлик ва инсонлик бурчимиздир.

Боғот тумани “Толли бобо”
масжиди имом-хатиби О.Рўзметов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *