БАРОАТ КЕЧАСИ ҚАНДАЙ КЕЧА ВА УНДА НИМАЛАР СОДИР БЎЛАДИ?

Азизлар, Аллоҳ таоло айрим кечалардан айрим кечаларнинг фазилати улуғлигини китобларимизда баён қилган. Бу кечаларда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, шаъбон ойининг 14дан 15га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани «Бароат кечаси» дейилади. Яъни Бароатимиз битиладиган кеча. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади, дуолар кабул булади.
Шу кечада Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини сўрайлик. Истиғфорни кўпайтирайлик. Иншааллоҳ, шунда Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришамиз. Ҳалол ризқ сўрайлик, зеро, бу Аллоҳ таоло ризқ эшикларини очган кечадир. Ҳозирги вазиятда бу кечада уйда, намозларда дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашларимиз ва элу-юртимиздан вирус балосини даф қилишини сўраб дуолар қилмоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло сўрамайдиган бандаларини ёмон кўради, бандалар эса сўрайдиганларни. Ҳар қандай ҳожатингиз бўлса, аввало, Аллоҳдан сўранг, ғафлатда қолманг.
Бу кеча ҳақида ҳадиси шарифларда тўлиқ маълумотлар келган. Уларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш биз мусулмонларнинг вазифасидир. Унда бизлар учун икки дунё саодати бор.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачон Шаъбон ярими кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва: «Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани, балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Фалончи қани, фистончи қани?» дейди. Токи, тонг отгунча шундоқ бўлади», дедилар»
Энг аввал бу кеча хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўрсатмаларини келтирамиз. Бу кеча ҳақида шариатда қандай кўрсатмалар борлигини яхшилаб билиб олишга ҳаракат қиламиз.
Бароат кечаси борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари!
‏ Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. «Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».
У кечада нима бўлади?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?» дедилар. У зот: «У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг аммаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади», дедилар».
Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ўлим фариштасига бир саҳифа берилиб: «Бу саҳифадаги кишиларнинг жонларини олгин!» дейилади. Чунки банда дарахт экади, уйланади, бино қуради, ваҳоланки, унинг исми ўликлар рўйхатига киритиб қўйилган бўлади. Ўлим фариштаси буйруқ берилган нарсага қарайди ва уни қабз қилади», дедилар».
Усмон ибн Муҳаммад ибн Муғийра ибн ал-Ахнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаъбондан кейинги шаъбонгача ажаллар (умрлар) белгиланади. Бир киши уйланиб, фарзанд кўради. Ваҳоланки, унинг исми вафот этганлар сафига киритиб қўйилган бўлади», дедилар».
Рошид ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло ўлим фариштасига ўша йилда қабз қилишни ирода қилган ҳар бир жонни қабз қилишни ваҳий қилади», дедилар».
Бароат кечасида Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши ва баъзи кишилардан ташқари барчани мағфират қилиши
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйиб, (ташқарига) чиқдим. Қарасам, у зот Бақиъ қабристонида эканлар. У зот: «Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилади деб қўрқдингми?» дедилар. Мен: «Аёлларингиздан бирортасининг олдига келдингизмикан, деб ўйлабман», дедим. У зот: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушиб, Калб қабиласининг қўйларининг жунларидан ҳам кўпроқ кишиларни мағфират қилади», дедилар».
Жами дуо талабидаги азизларни Аллоҳ таоло Бароат кечасининг фазилатидан насибадор қилсин. Дуоларимизда Жаннатмонанд юртимизни янада обод бўлишига сабабчи бўлаётган Юртбошимизни, мутасадди ходимларни, устозларимизни ва элу юртимиз ҳаққига дуода бўлайлик. Аллоҳ таоло Юртимизга раҳматини ёғдирсин, тинчлик-хотиржамлигимизни давомли қилсин, Жаннатмонанд юртимизни янада обод қилсин, ҳар хил ёмонликлардан ва вабо офати талофатларидан Ўз ҳимоясида асрасин.

 

Р. Рахимов
Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”
масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *