Вабо ва турли синовларга сабр қилмоқ ҳамда Аллоҳдан нажот сўрамоқ инсоний фазилат!

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.
«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».
«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошга шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда: “Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, – деганлардир”.
Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади.
Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасиниг 82-оятида шундай марҳамат қилган. “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз” . Инсоннинг иймон эътиқоди қанча кучли бўлса, Қуръони Каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44-оятида шундай марҳамат қилган: “У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифо” деб айт ”. Қуръони Каримнинг барчаси шифо бўлиб, хусусан Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади ”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди.
Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида шундай марҳамат қилган: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас ”.
Демак, юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда, турли синовлар билан Аллоҳ имтиҳон қилганда биз бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришларимиз, ҳозирги вазиятда уйда, намозларда дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашларимиз ва элу-юртимиздан вирус балосини даф қилишини сўраб дуолар қилмоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.

Р. Рахимов
Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”
масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *