ИСРОФДАН ҚОЧИШ-БАРАКА ОМИЛИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта исрофчилар шайтоннинг ака-укалари (биродарлари) бўлганлар. Шайтон эса, Роббисига ўта ношукр бўлгандир” (“Исро” сураси. 26 – 27-оятлар).
Юқоридаги оят мазмунидан кўриниб турибдики, исроф мўминлар учун ўта ношукрчилик саналган оғир гуноҳлардан бири экан. Исрофгарчиликка йўл қўймаслик Аллоҳ берган неъматларни ўз ўрнида сарфлаш демакдир. Бу неъматларни эса инсон санаб адоғига ета олмайди. Ҳар бир ишимиз оқибати ҳақида огоҳлантириб турувчи ақл-идрокимиз, тафаккуримиз, у ёки бу ишни бажара олишга қаратилган қобилият ва истеъдодимиз, дунё неъматларини кўрадиган кўзларимиз, турли вазифаларни бажарувчи қўлларимиз, истагимизга кўра вужудимизни кўтариб, турли жойларга олиб борувчи оёқларимиз, фикримизни баён этиш учун берилган тилимиз, бошқаларни фикрини тинглашда ёрдамчи бўлган қулоқларимиз, қўйингки, биз истеъмол қилаётган барча моддий ва маънавий бойликлар – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг беҳисоб неъматларидир.
Буларнинг шукрини адо этиш уларни фақат эзгуликка йўналтириш билан амалга ошади, яъни ақл яхшиликка далолат қилсин, кўз ножоиз нарсаларга қарашдан тийилсин, тил фақат эзгу сўзлар айтсин, қулоқ ёлғону ғийбат ва бўҳтонларни эшитмасин, қўл эзгу амаллар учун ишласин, оёқ фақат яхшилар даврасига олиб борсин. Ҳар кунлик истеъмолимиз учун зарур бўлган сув, ҳаво, турли озуқалар ва энергия манбаларидан тежаб-тергаб фойдаланиш эса уларнинг шукронасини адо этишдир. Буларни билмаслик ғафлатда умргузаронлик қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”, “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқлик кўрмайди”, деганлар.
Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда  исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Хонадонларимизда ортиб қолган таом ёки бошқа озуқавий махсулотлар ташлаб юборилмоқда. Бугунлик кунда ахлат уюмлари орасида нон ҳам пайдо бўлгани айниқса, ачинарли ҳолдир. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўй ҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда.Бир умр топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, моддий таъминотимизни яхшилашга эмас балки, дабдабали тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга сарфлайдиган бўлиб қолдик. Ундан кўра ўша маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ тежалар эди. Озгина соғлигимизни тиклашга, фарзандларимиз илм-одоб олиш йўлига тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди.
Энг ачинарлиси эҳсон қиламиз деб қарзга ботиб, қарз узиш илинжида ҳаёлимиз паришон бўлиб юрмасди. Ҳар биримиз шуни унутмайликки, бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида ҳар биримиз сўраламиз. Ундан кўра ўша пулларни бир қисмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берса, қариндош-уруғлар орасидаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарса бўлади. Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Чунки ҳадисларда:- “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир” дейилган. Берилган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир. Бизга берилган молу дунёни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, саховатни ўрнига сарфласак, бировга муҳтож ҳам бўлмаймиз, қарзга ҳам ботмаслигимиз аниқ.
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Исрофгарчиликнинг катта-кичиги бўлмайди, балки унинг ози ҳам кўпи ҳам шариатимиз томонидан қаттиқ қораланган. Исроф қилувчилар ўйламасинларки, эҳтимол, бу дунёда жавобгарликдан қутилиб қолишар, лекин эртага Аллоҳ ҳузурига борганда жавобини бера олармикан? Эртани ўйлаб ҳаёт кечирайлик ва амал қилайлик. Аллоҳ севмаган исроф қилувчилардан бўлиб қолмайлик. Аллоҳ берган имкониятни, бойликларни ноўрин жойларга эмас, балки ўрнини топиб савобли жойларга ишлата олсак, бу дунёда ҳам барака топиб, охиратда ҳам юксак мақомларга эришамиз инша Аллоҳ. Мана шу ҳақиқий бахт, ҳақиқий шараф ва фахрли иш бўларди !!!

У.Машарипов
Қўшкўпир тумани ‘’Хазрати Эшон бобо’’ жоме масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *