Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг рамазон ойини ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳақида.

Маълумки бутун дунёда бўлётганидек бугун бизнинг бошимизда ҳам имтиҳонли, синовли кунлар турибди. Албатта бу яратган зотнинг бандаларига бир синови эканлигини яхши биламиз.
Аллоҳ таоло бандаларини синаш учун уларга турли машаққат, офат-балолар, касаллик ва кулфатларни юборади. Ожиз қилиб яратилган одамзот ана шундай ҳолларда нима қилишини билмай довдираб қолади, ўзини йўқотиб, минг томонга югуради. Ёрдам ва тасалли истаб, кимларнингдир остонасига бош уриб боради. Мўмин киши бошига ғам-ташвиш тушганида Еру осмонларнинг ҳақиқий Эгаси, подшоҳларнинг подшоҳи Аллоҳ таолони эслайди. Ўзи эса шу мулклар ичидаги бир мулк, махлуқотлар орасидаги бир махлуқ эканини хотирлайди. Тун ортидан ёруғ кунни, касалликдан сўнг соғликни, фақирликдан кейин бойликни ато этувчи Парвардигорини ёд этади. У ҳар ишда ҳикмат борлигини билгани учун Аллоҳ таоло уни бу қийинчиликда қолдирмаслигига, оқибатини гўзал қилишига иймон келтиради.
Ойнинг ўнбеши қоронғу бўлса яна ўнбешиёруғ бўлади дейилганидек, Аллоҳ таъоло қуръони каримда бу ҳақида шундай марҳамат қилган:
Машаққат ортида, албатта, енгиллик бордир. Машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади. (Шарҳ сураси 5-6 оятлар).
Яъни ҳар қандай машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади. Ҳақиқатан, бўлар-бўлмас ишларга диққат бўлавериш, ўтган кундаги битмаган юмушларига, хатоларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш ҳар бир инсон миясини доимо кемирадиган, ҳаётини оғирлаштирадиган, кунини зулмат, тунини ғурбат қиладиган бефойда ва зарарли ҳолатлардир. Бошингизга бир мусибат ёки бало келса, унга мардона дош беринг, сабр қилинг. Аллоҳдан уни кўтариб ташлашни, нажот беришини сўранг. Ибн Жарир тафсирида Ҳасан Басрийдан (раҳимаҳуллоҳ) риивоят қилади: «Инна маъал ъусру юсро» ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Хурсанд бўлинглар, сизларга енгиллик келди, бир қийинчилик икки енгилликни ҳеч мағлуб қила олмайди», дедилар». Таниқли Ислом олимларидан Ризоуддин ибн Фахруддиннинг бундай сўзлари бор: «Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур.
Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг Ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши, албатта, шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради».
Ана шундай машаққат бузнинг устимизда турганида бунга сабр қилиш ва ҳукуматимиз ва жамиятимиз талаб қилган карантин қоидаларига амал қилсак бу синовли кунлардан кейин албатта бир енгиллик ва нусрат келади иншааллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарафидан жамоат намозлари,с жума ва таровеҳ намозларини уйимизда оиламиз билан бирга адо этишимиз кераклиги ҳақида баёнот билан чиқди.
Бугунги вазиятда бу қилинган мурожаатга амал қилиш тўғри иш бўлади.Чунки бу касалликни кўпайиши ва тарқалишига замин яратмаслигимиз лозим.
Агар тарихдан ибрат оладиган бўлсак қуйидаги мисолларга этибор берайлик шунда бу чиқарилган қарор қанчалик тўғри бўлганини кўрасиз.
«Ҳижрий 764-санада Димашқда кишилар эътиборли олимлардан фатво бўлмасидан олдин вабони кўтарилиши учун бир жойда жамланиб дуо қилишга қарор қилишди.
Улар бир жойда жамланиб дуо қилиб дод-вой солишди. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ буни 749 санада бўлганлигини айтган. Кишилар шаҳарнинг катталари билан саҳрога чиқиб дуолар қилишиб ёрдам сўрашган. Шундан сўнг вабога учраганлар яна кўпайиб кетган. Дуо қилишларидан олдин касалланганлар анча кам бўлган». Шубҳасиз бунинг сабаби беморлар билан соғлом кишиларнинг аралашуви бўлган.
Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ айтади:
«Худди шундай воқеа бизда(Мисрда) ҳам 833 ҳижрийда рабиъус сонийнинг 27 чисида Қоҳирада вабо бошланганида содир бўлган эди. Ўшанда ҳар куни қирқтага етар-етмас инсон ҳалок бўлар эди. Сўнг жумодул аввал ойининг бошида кишиларга уч кун рўза тутишни амр қилишди. Тўртинчи куни саҳрога чиқишди. У ерда жамланиб дуо қилишди. Сўнг уйларига қайтишди. Сал ўтмасдан Қоҳирада ҳар куни мингдан ортиқ инсон вафот қила бошлади». Шаксиз бу ҳам аралашишнинг оқибати эди.
Агар ҳулоса қиладиган бўлсак бизнинг бугунги вазиятимизда жамоат намозлари, жума ва таровеҳ намозларини уйда ўқишимиз айни динимиз тақозо қилган ишни қилишимиз бўлади.
Бу билан биз ўзимиз ва яқинларимизни қолаверса бошқаларни ҳам бу касалликдан сақланишига ёрдам берган бўламиз.

 

Р.Эрназаров
Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *